Референдумда хориждаги фуқароларнинг қанчаси иштирок этди?

Жамият

Бугун 30 апрель тонгги соат 8:00 дан бутун Ўзбекистон бўйлаб янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумда овоз бериш бошланди.

Ва бу жараён кечги соат 20:00 га қадар давом этади. QALAMPIR.UZ жамоаси кун давомида мазкур референдумни ёритиб боради ва биз айни пайтда Марказий сайлов комиссияси матбуот марказидан туриб Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий Суд ва Марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокидаги брифинглардан лавҳалар улашамиз.

Демак, биринчилардан бўлиб ташқи ишлар вазирлиги вакили хорижий мамлакатларда аллақачон бошланиб бўлган овоз бериш жараёнлари натижаларини эълон қилади.

“Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 31-бандига биноан, Ўзбекистоннинг хориждаги Элчихона ва Бош консулхоналари томонидан жорий йилнинг 19-26 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси референдумининг муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари амалга оширилди.

Ўзбекистон фуқаролари зич жойлашган 40 та хорижий давлатларда, жумладан, дипломатик ваколатхоналаримиз мавжуд бўлмаган шаҳарларда қўшимча равишда жами 1 003 та муддатдан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилди.

Ўзбекистон фуқаролари зич жойлашган 40 та хорижий давлатларда, жумладан дипломатик ваколатхоналаримиз мавжуд бўлмаган шаҳарларда қўшимча равишда жами 1003 та муддатдан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилди”, деди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев.

Унинг маълум қилишича, муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида хорижий мамлакатларда 159 минг 276 нафар фуқаролар иштирок этган.

“Ушбу муддатдан олдин овоз бериш жараёнида 159 276 нафар фуқароларимиз ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишди.

Хориждаги ваколатхоналар томонидан муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида ватандошлар, хорижий оммавий ахборот воситалари ва чет эл расмийлари иштирокида 500 дан зиёд тушунтиришлар, брифинг ва учрашувлар ташкил қилинди.

Хориждаги референдум жараёнларини ОАВда ёритилишини таъминлаш мақсадида Россия (Москва, Санкт-Петербург, Владивосток шаҳарлари), Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркия давлатларига Ўзбекистон МТРК ходимлари жўнатилди”, дея қўшимча қилди Аълоев.

Бундан ташқари,  Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари мавжуд бўлган 39 та давлатда 55 та референдум участкалари ташкил этилган.

“Хориждаги референдум жараёнларининг дастлабкиси 30-апрель куни юртимизнинг Япония ва Кореядаги дипломатик ваколатхоналарида Тошкент вақти билан соат 04:00 да бошланиб, сўнггиси Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналарда 1 май куни соат 05:00 да якунланишини маълум қиламиз. Ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг Шарқ ва Осиё мамлакатларидаги дипломатик ваколатхоналарида, хусусан, Япония, Корея Республикаси, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, шунингдек, Россия Федерациясининг Владивосток, Новосибирск, Екатеринбург шаҳарларида ҳамда қўшни мамлакатларда овоз бериш жараёни бошланди”, дея маълумот берди Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, сайлов бюллетенида олдингизга битта савол қўйилади:

“Сиз “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” Иккита жавоб бор:
“Ҳа” ёки “Йўқ”.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция референдум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг