Бугун Ҳусанов ва “Манчестер Сити” АПЛда 3-ўринга кўтарилиб олиши мумкин
Спорт
−
08 Март 7375 3 дақиқа
Бугун, 8 март куни Англия Премьер-лигасининг 28-тури доирасида марказий учрашувлардан бири “Ноттингем” - “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади. Учрашувнинг аҳамияти ва ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибда майдонга тушиш имконияти ҳақида тўхталиб ўтамиз.
“Шаҳарликлар” кучли учликка кириши мумкин

Англия Премьер-лигаси 28-турига қадар икки жамоа турнир жадвалида ёнма-ён келмоқда. Дастлаб, “Ноттингем” бу турга қадар 48 очко жамғариб, 3-ўринда келмоқда. Жамоа 14 ғалаба, 6 дуранг ва 7 мағлубият қайд этган. “Ўрмончилар” мавсум стартини ажойиб тарзда бошлади ва кутилмаганда турнир жадвалида юқорилай бошлади. Етакчиларга яхшигина қаршилик кўрсата бошлади. “Арсенал” ва “Ливерпуль” билан дуранг қайд эта олди. “Тоттенхэм” ва “Манчестер Юнайтед”ни мағлубиятга учратди. Биринчи даврада эса “Манчестер Сити” ўз уйида “Ноттингем”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган. “Шаҳарликлар” 28-турга қадар 14 ғалаба 5 дуранг ва 8 мағлубият қайд этиб, турнир жадвалида 47 очко жамғарган ҳолда 4-ўринни банд этган. Очколар фарқи 1 тани ташкил этади ва агар “Манчестер Сити” ғалаба қозонса, 3-ўринга кўтарилиб олиши мумкин.
Ҳусановни асосий таркибда кўрамизми?

Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ўзининг ишончли ўйини ва жамоа таркибидаги йўқотишларни ҳисобга олганда, бугун ҳам асосий таркибда майдонга тушиш эҳтимоли юқори. Клубнинг асосий ҳимоячилари Натан Аке ва Жон Стоунз узоқ муддатга сафдан чиқди. Яна бир ҳимоячи Витор Рейсда эса бундай катта ўйинларда ўйнаш тажрибаси йўқ. Ягона вариант ҳимоя марказида Рубен Диаш ва Абдуқодир Ҳусанов тандеми. Намойиш этаётган ўйинлари сабаб, Ҳусанов февраль ойида “ойнинг энг яхши футболчиси” бўлди. Клуб мураббийи Гвардиола ҳам ўзбекистонлик ҳимоячига ишонч билдириб келмоқда. Кубок доирасидаги сўнгги ўйинда, “Плимут”га қарши баҳсда жамоанинг асосий футболчилари каби Ҳусановга дам берилди.
Тахминий таркиблар
Дунёга машҳур бир нечта нашрлар “One football”, “Sporting News”, “Opta” кабилар “Ноттингем”-“Манчестер Сити” ўйинига ўзининг тахминий таркибларини эълон қилди.
“One football” талқинига кўра “Манчестер Сити” таркиби:
Эдерсон, Нунес, Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Нико, Ковачич, Савиньо, Доку, Мармуш, Холанд.
“Sporting News” талқинига кўра “Манчестер Сити” таркиби:
Эдерсон, Нунес, Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Нико, Ковачич, Фоден, Доку, Мармуш, Холанд.

“Opta” талқинига кўра “Манчестер Сити” таркиби:
Эдерсон, Нунес, Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Нико, Ковачич, Савиньо, Доку, Мармуш, Холанд.
Маълумот ўрнида, “Ноттингем”-“Манчестер Сити” ўртасидаги ўйин бугун, 8 март куни Тошкент вақти билан 17:30 да старт олади.
Live
Барчаси