Бўғилган “қиролича”, енгил вазнда янги гегемон пайдо бўлди – UFC 269 турнири якунланди
Спорт
−
12 Декабрь 2021
7475Бугун, 12 декабрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги “T-Mobile arena”да UFC 269 турнири ўтказилди. Оқшомнинг асосий жангида енгил вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, бразилиялик Чарльз Оливейра (32-8) дивизионнинг биринчи рақамли жангчиси америкалик Дастин Порьени (28-7) мағлуб этди ва ўз унвонини сақлаб қолди.
Беллашунинг 3-раундида Оливейра рақибини бўғиб олди, Порье эса жангни давом эттирмасликка қарор қилди. Ушбу жангга қадар Чарльз Оливейра кетма-кет тўққизта жангда ғалаба қозонган эди. Катта эҳтимол билан бразилияликнинг навбатдаги жангини Жастин Гэтжига (23-3) қарши ўтказади.
Яна бир чемпионлик жанги аёллар ўртасида ярим енгил вазн тоифасининг мутлақ чемпиони, UFC қироличаси бразилиялик Аманда Нуньес (21-5) ва америкалик Жулианна Пенья (14-4) иштирокида бўлиб ўтди. Йил сенсацияси сифатида қабул қилинган баҳснинг иккинчи раундида Пенья Нуньесни бўғиш услуби билан мағлубиятга учратди. Унга қадар эса бир нечта кучли зарбалар йўллаб, мувозанатдан чиқаришга ҳам улгурган эди.
Шу тариқа, 33 ёшли Аманда 2015 йилдан буён илк бор UFC’да мағлуб бўлди, 32 ёшли Жулианна эса ярим енгил вазн тоифасининг янги чемпионига айланди.
Маълумот учун, UFC 269 жорий йилнинг энг сўнгги катта турнири эди. UFC 270 мусобақаси эса 2022 йилнинг 24 январь куни ўтказилади ва марказий жангда супероғир вазн тоифаси чемпиони Френсис Нганну (16-3) ҳамда вақтинчалик чемпиони Сирил Ган (10-0) ўзаро баҳс олиб боради.
LiveБарчаси