Президент табиий газ ва электрни иқтисод қилиш бўйича топшириқ берди

Жамият

image

Ўзбекистонда 2025 йилда 1,1 миллиард куб метр табиий газ ва 2,6 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш режа қилинди. Бу ҳақда бугун, 26 март куни  Президент Шавкат Мирзиёев энергия ресурсларини иқтисод қилиш, истеъмол самарадорлигини ошириш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

Билдирилишича, Президент кўрсатмасига мувофиқ, ўтган йилги тажрибани давом эттириб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари олимлар иштирокида илмий асосда ўрганилмоқда. Хусусан, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги ўрганишларда 870 миллион киловатт соат электр ва 420 миллион куб метр газни иқтисод қилишнинг янги имкониятлари аниқланган. Масалан, бу вилоятлардаги кичик ва ўрта саноат корхоналарида 35 мингга яқин эскирган ускуналарни тежамкорига алмаштириб, йилига 385 миллион киловатт соат электр ва 50 миллион куб метр газ тежаш мумкин.

Шунингдек, туман ва маҳалларда ҳам энергияни иқтисод қилиш бўйича имкониятлар жуда кўп. Масалан, 300 та маҳаллада 100 мегаваттли кичик қуёш станциялари барпо қилиб, шу йилнинг ўзида 45 миллион куб метр газ тежаса бўлади. Бундан ташқари, канал ва сойларда қуриладиган мингдан зиёд микро ГЭСлар ҳисобига қўшимча 175 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади.

Кўчаларни ёритишга ҳам йилига 200 миллион киловатт электр сарфланяпти. Қуёш панелли чироқлар ўрнатилса, истеъмол 2 карра камаяди.

“Шу каби имкониятлар ҳисобидан, бу йил 1,1 миллиард куб метр табиий газ ва 2,6 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича қўшимча режа олинди.

Давлатимиз раҳбари, биринчи навбатда, йирик саноат корхоналарида замонавий тежамкор ускуналар ўрнатиш, энергия исрофини камайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳукуматга бу соҳада янгича ижро ва назорат тизимида ишлаш топширилди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, йиғилишда ишхоналар ва уй-жойларда энергияни тежаш маданиятини ошириш ҳам муҳим экани қайд этилган. Электр ва газни беҳудага ёқиб қўймаслик, қуёш панеллари ва бошқа муқобил манбалардан фойдаланиш ҳам анча ҳажмни тежайди.

Фарғона водийси вилоятларида аҳоли зич жойлашганини ҳисобга олиб, уларни энергия билан таъминлашда алоҳида ёндашув ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу тажриба босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутиляпти. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг