Бу йил Ҳаж зиёрати бекор қилиниши мумкин
Олам
−
03 Апрель 2020
10449Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж зиёратини амалга ошириш ниятида бўлган мусулмонларга жорий йил Ҳаж зиёрати бекор қилиниши юзасидан ишора берди. Агар бу йил Ҳаж зиёрати бекор қилинса, бу 1450 йилликдаги ушбу муқаддас зиёратнинг қирқинчи бор бекор қилиниши бўлади. Бу ҳақда Haber7.com ёзмоқда.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра зиёрати вазири Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бантен Ҳаж зиёратини амалга оширишни режалаштираётган мусулмонларга “шартномаларни имзолашдан аввал кутишлари керак”лигини маълум қилди. “Дунёнинг тўрт нуқтасидаги мусулмон қардошларимиздан вазият барқарорлашгунга қадар кутишларини сўраймиз”, дейди вазир.
Жорий йилнинг июль ойида дунё бўйлаб 3 миллион киши муқаддас Ислом динининг беш шартидан бири бўлган Ҳаж амалини адо этиш учун Маккаю Мукаррамани зиёрат қилиши кутилмоқда. Зиёратчилар сони маҳаллий халқ ва Саудия Арабистонидаги муҳожирлар билан 4 миллионга етиши мумкин.
“Айни вақтда Аллоҳдан бизни ушбу пандемиядан қутқаришини сўраётганимизда, Қироллик мусулмонлар ва фуқароларининг саломатлигини сақлашни ўйлайди”, дейди Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бантен.
Қайд этиш ўринлики, Саудия Арабистони Қироллиги коронавирус инфекцияси кенг ёйилишининг олдини олиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларида кеча, 2 апрелдан эътиборан кўчага чиқишни тақиқлади. Қарорга кўра, икки шаҳар фуқаролари соат 06:00 дан 15:00 га қадар озиқ-овқат ва бошқа шахсий эҳтиёжлар учун фақат маҳаллаларига чиқишлари мумкин.
Маълумот ўрнида, Саудия Арабистонида коронавирусга чалинганлар 2039 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 25 нафари вафот этган, 351 нафари соғайган.