Бу ерда коррупцион схема бўлган – Қурилиш вазири Жиззахда қулаган бино ҳақида
Жамият
−
14 Январь 2021
10158Жиззах шаҳрида қулаган кўп қаватли бинолардан бирининг қурилишида коррупцион схема бўлган. Бу ҳақда бугун, 14 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров сўз юритди.
Тадбирда қурилиш вазири воқеа юзасидан муносабат билдираркан, ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил натижа чиққанини таъкидлаб, у ерда коррупцион схема бўлганлигини урғулади.
“Бу бўйича менга ҳам алоҳида маълумот кирган. Администрациядан ҳам шу масала бўйича ойдинлик киритилди — у ерда коррупцион схема бўлган. Кимнингдир ҳокимликка қанақадир яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор, бугун унинг номига олинади, қурилиш бошлангандек бўлади ва умуман бошқа одамлар ишлайди. Шунинг учун ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил чиқяпти. Унақа бўлиши керак эмас. Бу коррупцион схема-да, масала шу. Ҳозир қидирадиган бўлсангиз, бирорта эгаси чиқмайди ва мингта баҳона қилишади. Бу коррупцион схема.
Бир хил одамлар бизнес қиляпти, унинг таниш-билиши бор, у бемалол киради, жойни олади, тушуняпсизми? Кейин ҳали қурилиш тугамасидан сотади. Ҳамма ҳужжат чала-чулпа бўлади. Бу ерда коррупцион схема бўлгани учун тадбиркорлар нима хоҳласа, қиляпти. Биз шунинг олдини олишимиз керак.
Яна битта нарса, администрацияга берган маълумотда ҳам Жиззахдан ташқари, бошқа аҳоли яшаш пунктларида ҳам худди шундай схема бўлаётгани тўғрисида айтиб ўтилган. Ҳозир ўтириб қандай коррупция эканлигини муҳокама қилишга менда ваколат йўқ. Объектнинг буюртмачиси, техник ва лойиҳа муаллифлик назорати ҳамда пудратчиси бўлиши керак. Уларда бунинг биттаси, ҳатто буюртмачининг ўзи ҳам йўқ”, деди Ботир Зокиров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни Жиззах шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири қулаб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Бош прокуратура ҳолат юзасидан муносабат билдириб, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бу орада иморат эгаси “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги экани маълум бўлди. Қурилиш вазирининг ўринбосари Козим Тўлаганов ҳолат юзасидан муносабат билдириб, иморат дастлаб 3 қаватли бўлиши мўлжаллангани, кейинроқ 6 қаватлига айлантирилганини таъкидлаб ўтди.