Ўзбекистонда илк бор сиам эгизаклари ажратилди
Саломатлик
−
19 Январь 2023
10293Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида содир бўлган сўнгги ҳодисалар, айниқса, “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб вафот этган 20 нафар бола воқеаси одамларнинг соҳага нисбатан ишончини анча туширди. Лекин Республика перинатал марказида омадли иш амалга оширилди – ўзбек шифокорлари илк бор сиам эгизакларини ажратиш операцияси ўтказиб, уни муваффаққиятли тугата олди.
2022 йилнинг 31 май куни Қирғизистонда танаси бирлашиб кетган Фотима ва Зуҳра дунёга келди. Даставвал қирғизистонлик шифокорлар яшаб кетолмаслигини айтиб, болаларнинг онасига ҳомилани олдириб ташлашни маслаҳат берган. Бироқ гўдакларнинг ота-онаси чекинишни истамаган ва ўзбекистонлик шифокордан ёрдам сўраган.
“Набираларим туғилганда шокка тушиб қолганман. 27 ҳафталик бўлишганда кесарча кесиш йўли билан туғдириб олинди. Тарозига қўйилганда эса иккаласи атиги 1 кг 600 гр чиқди. Бу вазндаги болани катта қилиш жуда қийин”, дейди қизалоқларнинг бувиси Хатира Примова.
Журналистнинг нима учун айнан Ўзбекистонда операция қилишга қарор қилгани ҳақидаги саволига эса болаларнинг бувиси қуйидагича жавоб берди:
“Қирғизистонда бундай операцияларни амалга оширувчи шифокорлар йўқ экан. Буни суриштирдик. Улар ҳатто, россиялик шифокорлар ҳам набираларимни операция қилишни истамаганини айтди. Ўзимиз асли ўзбек бўлганимиз учун, ўзбекларнинг меҳрибон эканини билардик. Шунинг учун куёвим интернет орқали шифокор Бахтиёр Бердиалиевични топди. Шу тариқа у билан гаплашиб, маслаҳатлашиб Ўзбекистонга келдик.”
Бироқ, Хатира Примова агар болаларни операция қиладиган шифокор топилмаганида ҳам набираларинидан юз ўгирмаслиги, уларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиб, катта қилмоқчи бўлганини кўз ёшлар билан айтиб берди.
“Биласизми, мен уларни шу ҳолда кўриш учун кечалари ухламай дуо қилиб чиққанман. Улар катта бўлса, иккаласи ҳам шифокор бўлади, Ўзбекистонда ўқийди, деб ният қилганман. Элга-юртга хизмат қиладиган жарроҳ қизлар бўлади ҳали, мана кўрасиз”, дейди онахон фахр билан.
Маълумот учун, сиам эгизаклари танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилади. Уларнинг ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танаси туташ чақалоқларни вақти келиб жарроҳлик йўли билан ажратиш мумкин, бироқ умумий ички аъзоларга эга эгизакларни танасидан ажратиш деярли имконсиз.
Одатда, сиам эгизаклари 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Маълумотларга кўра, уларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келади. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўриш бахтидан бенасиб бўлади.
“Улар менга мурожаат қилганида болалар тахминан 1,5-2 ойлик эди. Мен уларнинг суратини кўриб, МСКТ ва МРТ текширувларидан ўтказиш кераклигини тавсия қилдим. Бироқ болаларнинг ота-онаси бунга имкон йўқлигини айтгач, ўзим онлайн равишда консултация бериб бордим. Чунки болаларни операция қилиш учун маълум ёшга тўлиши керак эди. Энг оптимал муддат боланинг 5 ёки 7 ойликкача бўлган даври. Шундан сўнг 2022 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга, Республика перинатал марказига таклиф қилдим. Ўзимиз тўлиқ текширувдан ўтказдик, натижада уларда сиам эгизакларининг анфолапак тури, яъни қорин қисми орқали бир-бирига боғлангани ва жигар органлари бир-бири билан чап бўлаклар орқали битишгани аниқланди. Ҳар иккала чақалоқнинг жигари алоҳида ўт пуфаги ва ўт йўлларига эга ва бошқа аъзолари ҳам алоҳида жойлашганини кўрдик”, дейди операция ташаббуси билан чиққан шифокор, болалар жарроҳи Бахтиёр Эргашев.
Унинг айтишича, чақалоқлардан бирининг ички аъзолари – талоқ, жигар органлари тескари жойлашган ва жигарни иккига бўлиш эса операциянинг энг қийин нуқтаси бўлган. Чунки жигар қонга энг бой аъзо бўлиб, кўп қон кетиши чақалоқларнинг вафотига ҳам олиб келиши мумкин эди.
“Мен бу мураккаб операцияни ўз зиммамга олмаслигим ва уларга бошқа мамлакатга боришни тавсия этишим мумкин эди. Лекин биздаги салоҳият бу операцияни амалга ошириш учун етади, деган фикрга келдим ва операцияни айнан шу марказда ўтказиш таклифини раҳбариятга билдирдим”, деди у.
Операциянинг муваффақиятли ўтиши, қизалоқларнинг тирик қолишида фақат шифокорларнинг эмас, ўзбек халқининг ҳам ёрдами катта! Улар қирғизистонлик миллатдошларига молиявий томондан кўмак бериб турган. Операциянинг умумий нархи эса 10 млн сўмга тушган.
“Қанчадан қанча ўзбекистонлик одамлар ёрдамга келди. Янги йил олдидан уларга совғалар берилди. Уларнинг ўзбекларда бундай яхши одамлар кўплигидан ҳайрон. Ўйлайманки, бу Ўзбекистондан Қирғизистон учун жуда катта туҳфа”, дея ёрдам берганларга ўз ташаккурини айтди шифокор.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Ўзбекистонда бу турдаги амалиёт фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган. Унда ҳам операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган.