Бу сафар ЖЧда математика: Ўзбекистон кейинги босқичга чиқиши мумкин

Sport

image

Португалияга қарши 5:0 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги истиқболи анча мураккаблашди. Бироқ ҳисоб таблосидаги натижа ўйин манзарасини тўлиқ акс эттирмайди. Майдонда нима содир бўлди, жамоа қаерда ютқазди ва нега плей-офф учун имкониятлар ҳали ҳам сақланиб турибди? Қуйида ушбу саволларга рақамлар ва ўйин тафсилотлари асосида жавоб излаймиз.

Ўйин тақдирини ўзгартирган голлар

Португалия 6-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Криштиану Роналдунинг голи Ўзбекистоннинг ўйин режасини бутунлай ўзгартириб юборди. Темур Кападзе даврида ҳам, Каннаваро бошчилигида ҳам жамоа асосан тартибли ҳимоя ва қарши ҳужумларга таянган ҳолда ҳаракат қилиб келган. Эрта ўтказиб юборилган гол эса бу режани бузди. 17-дақиқада Нуно Мендеш ҳисобни 2:0 кўринишига келтиргач, ўзбекистонлик футболчилар рақибни юқорироқ кутиб олишга мажбур бўлди. Бу эса Португалиянинг тезкор қанот ҳужумчилари учун бўш ҳудудлар пайдо қилди.

Биринчи бўлимнинг энг муҳим вазиятларидан бири 28-дақиқада юз берди. Азизжон Ғаниев гол урди, аммо VAR аралашувидан кейин ҳужумдаги қоидабузарлик сабабли гол инобатга олинмади. Агар шу гол ҳисобга олинганида, ҳисоб 2:1 кўринишига келар ва учрашув бутунлай бошқача сценарий бўйича ривожланиши мумкин эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 39-дақиқада Роналду иккинчи голини урди ва жамоалар танаффусга 3:0 ҳисоби билан йўл олди. Бу эса терма жамоа рухиятига салбий тасир қилиши аниқ эди. 2:1 ҳисобидаги бўлим якуни эса жамоага бошқача кайфият берган бўларди. Статистикадан ҳам кўринишича, Ўзбекистоннинг асосий муаммоси ҳимоя чизиғида намоён бўлган. Ўйинда Португалия ҳар бир хавфли ҳужумни деярли голли вазиятга айлантира олган.

Португалия етакчиси Роналдунинг икки голида ҳам марказий ҳимоячилар билан ярим ҳимоячилар ўртасидаги масофа катталашиб кетган. Рафаел Леаонинг голида эса қанот ҳимоясида бўш ҳудуд қолдирилди. 60-дақиқада Абдуқодир Ҳусановнинг автоголи эса жамоанинг руҳий тушкунлигини янада кучайтирди. Ўйин шу ерда руҳан якунланган эди.

Статистик кўрсаткичлар

Энг аввало, тўп назоратидаги фарқ катта бўлди – 66 фоизга қарши 34 фоиз. Бу Ўзбекистон учрашув давомида кўпроқ ҳимояланишга мажбур бўлганини англатади. Португалия 624 та пас амалга оширган бўлса, Ўзбекистон футболчилари 327 та пас билан чекланди. Яъни, рақиб тўп билан қарийб икки баравар кўпроқ муомала қилди.

Ўйин тақдирини ҳал қилган асосий омиллардан бири хавфли вазиятлар бўлди. Португалия 7 та йирик голли имконият яратган, Ўзбекистон эса бирорта ҳам аниқ голли вазият ташкил эта олмаган. Кутилган голлар (xG) статистикаси ҳам катта тафовутни кўрсатмоқда – 2,61 га қарши 0,24. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистон яратган вазиятлардан ўртача чоракта гол чиқиши мумкин эди, Португалия эса камида икки-учта гол уриши кутилган жамоа бўлган. Зарбалар сонида ҳам устунлик рақиб томонида бўлди – 17 тага қарши 7 та. Бу эса Ўзбекистон рақиб жарима майдончасига мунтазам босим ўтказа олмаганини тасдиқлайди.

Тактик муаммолар

Тактик нуқтаи назардан қаралганда, асосий муаммо марказий зонада кузатилди. Таянч ярим ҳимоячилар ҳимоя чизиғини етарли даражада ҳимоя қила олмади. Натижада Португалия ҳужумчилари ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасидаги бўш ҳудудларда эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди.

Қанотларда ҳам муаммолар кўринди. Нуно Мендеш ва португалиялик вингерлар мунтазам равишда ҳужумга қўшилиб турди. Ўзбекистон ҳимоячилари эса бир вақтнинг ўзида ҳам қанотни ёпиш, ҳам марказни суғурталаш вазифасини бажаришга мажбур бўлди. Бу эса позицион хатолар сонини оширди. Дарвозабоннинг 4 та сейви ҳам ҳимоя қандай босим остида қолганини кўрсатади. Агар айрим вазиятларда сейвлар амалга оширилмаганида, ҳисоб янада йирикроқ бўлиши мумкин эди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон бу баҳсда алоҳида бир хатоси учун эмас, балки тўп назорати, марказ учун кураш, голли вазиятлар яратиш ва ҳимоядан ҳужумга чиқишда рақибдан сезиларли даражада ортда қолгани учун мағлуб бўлди.

Каннаваронинг муносабати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Португалияга қарши учрашувдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Албатта, Жаҳон чемпионатидаги илк иштирок осон бўлмаслиги аниқ эди. Қуръа натижалари чиққанидан кейин Колумбия ва Португалия каби рақибларни кўриб, бизни жуда қийин гуруҳ кутаётганини билган эдик. Колумбияга қарши ўйиндан кейин ҳам жамоам билан фахрланишимни айтганман. Бугун ҳам шундай фикрдаман. Чунки майдондаги футболчиларимни кўрдим. Ҳа, улар қийинчиликларга дуч келишди, аммо бир сония ҳам таслим бўлишмади”, дейди Каннаваро.

Шунингдек, Каннаваро барча чизиқларда юқори савиядаги футболчиларга эга жамоага қарши ўйнаш ҳар доим қийин бўлишини алоҳида таъкидлади.

“Португалия терма жамоаси юқори даражадаги ижрочиларга эга ва бугун улар катта мотивация билан майдонга тушишди. Бироқ мен аввал ҳам айтганимдек, бу Жаҳон чемпионати биз учун муҳим тажриба вазифасини ўтайди. Биз ушбу турнир орқали ўсишимиз, хулоса чиқаришимиз ва келажак учун янада кучлироқ жамоа бўлиб қайтишимиз керак”,  дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози.

Плей-офф учун имкониятлар қандай?

Мағлубиятдан кейин Ўзбекистоннинг тўплар фарқи 1:8 кўринишига келди. Бу энг катта муаммо ҳисобланади. Бироқ кейинги босқичга чиқиш учун имкониятлар ҳали ҳам сақланиб қолган. Энг муҳим шарт – Колумбиянинг Конго ДРга ютқазмаслиги эди. Бу натижа амалга ошгач, Ўзбекистон мундиалдаги умидларини сақлаб қолди.

Энди сўнгги турда Конго ДРни мағлуб этиш шарт. Дуранг ёки мағлубият миллий терма жамоани турнирдан чиқариб юборади. Янги форматга кўра, учинчи ўринни эгаллаган энг яхши 8 жамоа ҳам плей-оффга чиқади. Қатор гуруҳларда учинчи ўрин учун 3-4 очко етарли бўлиши мумкин. Шу боис Ўзбекистон ҳатто 3 очко билан ҳам кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб турибди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон сўнгги тур ўйинларини бошқа кўплаб гуруҳлардан кейин ўтказади. Бу вақтга келиб рақиблар натижалари маълум бўлади ва жамоа қандай ҳисобдаги ғалаба кераклигини аниқ билади. Португалияга қарши 0:5 ҳисобидаги мағлубият оғир зарба бўлди. Бироқ бу Ўзбекистоннинг мундиалдаги тарихи тугаганини англатмайди. Жамоа ҳали ҳам тақдирини ўз қўлида сақлаб турибди.

Конго ДРга қарши учрашув Ўзбекистон футбол тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бирига айланиши мумкин. Агар миллий терма жамоа характер кўрсатиб ғалаба қозона олса, плей-офф эшиклари жамоа учун очиқ қолади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends