Бу кунларни биз журналист, блогерлар орзу қилганмиз – Гулноза Ҳусанова
Жамият
−
03 Декабрь 2020
3971“Давлат идоралари журналистлар уларнинг душмани эмаслигини тушунишлари керак”. “UzReport” телеканали бош муҳаррири Гулноза Ҳусанова Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусида ўтган давра суҳбатида юқоридаги фикрни билдириб, Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эринлигининг бугунги ҳолатини баҳолади. У нутқини сўз эркинлиги ҳақида жонли эфирда гапираётганининг ўзи алоҳида воқелик эканини алқашдан бошлайди.
“Ҳозир сўз эркинлиги ҳақида жонли эфирда гапиряпмиз. Аввал бунақаси бўлмаган. 11 йилдан бери “UzReport”да ишлайман. Матбуот овози бўғилган, журналистларнинг овози ўчирилган, оммавий ахборот воситалари цензура қилинган пайтларда ишлаганман. Кўрсатув эфирга берилишига 2-5 дақиқа қолганида эфирдан олиб қўйилганига ҳам гувоҳ бўлганман. Тўғрисини айтаман, бу кунларни биз журналист, блогерлар орзу қилганмиз. Ёш журналистларга бизнинг ишлайдиган вақтимиз энди келганини айтаман”, дейди бош муҳаррир.
Гулноза Ҳусанова сўзида давом этар экан, ҳозирда журналистларнинг тили, тиши анча ўткирлигини айтиб, ўзбек журналистикасининг энг катта ютуғи сифатида улар кўтараётган муаммолар сабабли ҳукумат ўз қарорларини ўзгартиришга мажбур бўлаётганини таъкидлади.
“Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозирда журналистларнинг тили, тиши анча ўткир. Шундай муаммоларни кўтаришяптики, ҳукумат шундан кейин ўз қарорларини ўзгартиришга мажбур бўляпти. Назаримда, бу – ўзбек журналистикасининг энг катта ютуғи. ОАВ, блогер, журналистларимиз жамиятнинг ривожи йўлида ғов бўлаётган турли тўсиқлар, масалан, бюрократия, таъмагирлик, коррупция мавзуларини кўтаришяпти ва ўз вазифасини бажара олмаган мутасаддиларни қўрқмасдан, дадил танқид ҳам қилишяпти.
Аминман, бу очиқлик сиёсатига кўника олмаган, мослаша олмаган айрим раҳбарларга, мутасаддиларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин буёғига энди орқага қайтиш йўқ. Биз ҳозир сўз эркинлигини энди ҳис қиляпмиз. Тўғри, хатолар ҳам бўлиши ҳам мумкин, лекин ишламаган хато ҳам қилмайди”, дейди Гулноза Ҳусанова.
Бош муҳаррир, шунингдек, муаммолар журналист, блогерлар томонидан кўтарилмаса, улар ҳеч қачон ҳал бўлмаслигини айтиб, давлат идоралари раҳбарларидан журналистлар уларга душман эмаслигини тушунишларини сўради.
“Биз биламиз, сўз эркинлиги хоҳлаган нарсани айта олиш дегани эмас. Бу энг аввало масъулият. Буни журналистлар ҳам, блогерлар ҳам ҳис қилиб туришибди. Агар ҳозир биз ахборотни вақтида, тезкор бермасак, интернет ривожланган, одамлар бу ахборотни истаган жойидан олади. Шунинг учун ҳозир давлат идоралари ҳам тушуниши керак: журналистлар уларнинг душмани эмас. Биз ҳам ривожланган давлатда яшашни истаймиз. Агар биз ҳозир муаммоларни кўтармасак, улар ҳеч қачон ҳал бўлмайди.
Бугунги журналистика очиқликсиз ишлай олмайди, яшай олмайди. Шахсан ўзим Президент Мирзиёевнинг энг катта ютуғи – сўз эркинлигини таъминлагани деб биламан. Ўзбекистон ёпиқ давлатдан очиқ давлатга айланди. Буни халқаро ҳамкорларимиз ҳам ҳар доим эътироф этишади. Бу жараёнлар бошланди, энди ортга йўл йўқ. Энди журналистларнинг ҳам чекинишга ҳаққи йўқ”, дейди Гулноза Ҳусанова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев тадбирда сўз ва матбуот эркинлиги масаласига тўхталиб, жамиятга сўз ва матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида аҳвол анча мураккаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.
Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор халқаро мажбуриятлар масаласига алоҳида тўхталди.
Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланилмаслиги лозим эканини таъкидлади.
Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев эса давра суҳбатида нохолис ахборотлар тарқалишига ОАВ вакиллари ва блогерлар эмас, давлат органлари айбдор эканини айтиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь