Бу хабарни мусулмон бўлмаган дунё етакчилари орасида тарқатиш керак – Имрон Хон
Олам
−
25 Декабрь 2021
26807Покистон Бош вазири Имрон Хон Россия Президенти Владимир Путиннинг пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ни ҳақоратлаш эркинлик ва ижодкорлик ифодаси эмаслиги ҳақидаги сўзларини ижобий қабул қилди. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.
“Президент Путиннинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилиш эркинлик ифодаси эмаслиги ҳақидаги хабаримни тасдиқловчи баёнотини олқишлайман. Биз мусулмонлар, айниқса мусулмон етакчилар, исломофобияга қарши курашиш учун бу хабарни мусулмон бўлмаган дунё етакчилари орасида тарқатишимиз керак”, деган Покистон Бош вазири.
Эслатиб ўтамиз, Путин йиллик йирик матбуот анжуманида пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ни ҳақорат қилиш ижод эркинлиги эмаслигини айтганди. Россия Президентининг сўзларига кўра, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ни ҳақорат қилиш “диний эътиқод эркинлигини бузиш ва ислом динига эътиқод қилувчиларнинг муқаддас туйғуларини бузишдир”.
Аввалроқ, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати Россия Президенти Владимир Путиннинг пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ни ҳақорат қилиш эркинлик ва ижодкорлик ифодаси эмаслиги ҳақидаги сўзларини олқишлаганди.