Бу қабрни таъмирланганида фойда бор – Қодиров реставрация қилинган бутхона бўйича танқидларга жавоб берди

Жамият

image

Ўтган хафта Тошкент музофотида ҳалок бўлган 25 ўрис аскари шарафига 1865 йили “Камолон” маҳаллада қад кўтарган бутхона тўлиқ реставрациядан чиқарилгани жамоатчиликда кўплаб муҳокамаларга, аниқроқ айтсак нафратга сабаб бўлди. Шунинг баробарида ижтимоий тармоқдаги фаол блогерлар томонидан “Миллий тикланиш” партияси ҳам танқид қилинди. Масала юзасидан партия етакчиси Алишер Қодиров ўз фикрларини билдириб ўтди

“Тарих – ўтган кун. Ундан заифлар қўрқади. Ўтган кунлардан кутиладиган ягона манфаат – хулосадир. Хулосани ўқиш-ўрганиш билан қилса бўлади, лекин энг самарали хулоса учун кўзда кўриш, қўл билан ушлаш яхшироқ. Музейлардан мурод шунда!

Бу қабрни таьмирланганлигида фойда бор. Бу ерга фарзандларингизни олиб боринг. Кўрсатинг ва эсланг! Қачонлардир бизни босиб олишган ва ғуруримизни, юртимизни топташган. Тартиб билан тизиб қўйилган замбаракларнинг ўқини қўл билан ушлаб кўришсин. Арзимас чақага тайёрланган қўрғошин қуймаси ва замбаракларни душманлардан каррасига кўпроқ сотиб олиш учун тилласи бўла туриб белкурак ва найза билан химояланган озодлик... Талон бўлган миллат ва хонавайрон бўлган юрт. Илимсизлик, тадбирсизлик, парокандалик, танга учун сотилган шарафсиз, хиёнатчи “ўзимизникилар”... Заиф юрт, заиф бошқарув, заиф жамият.

Бугун хатоларни такрорламаслик учун кечани таҳлил қилиш, хулосаларни тўғри чиқариш керак. Олимларимиз ихтиро қилишсин, талабаларимиз илим олишсин, тадбиркорларимиз серҳаракат бўлишсин, давлат хизматчилари фидоий ва ҳалол бўлсинлар. Оилаларимиз мустаҳкам бўлсин, фарзандларимиз соғлом ва ғурурли тарбия кўрсинлар. Ҳар биримиз ишимизни масьул ва маромида бажарайлик.

Шунда биз ҳам Амир Темурни Олтин Ўрдага якун ясаб, тарихни янги ўзанига асос солган майдонларига бориб эслатмалар тикамиз. 

Мамлакат ва миллатни беҳуда ва бефойда шовқин билан эмас, қайноқ юрак ва совуқ тафаккур билан асрашни ўрганишимиз керак!”, дейилади партия етакчисининг баёнотида.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

399

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг