Бу БМТ учун сўнгги сессия…ми?
Таҳлил
−
29 Сентябрь
10088Ғазо секторида халқаро ҳуқуқ ва тартиб аянчли тақдирга юз тутаётган бир пайтда жаҳон етакчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 79-сессиясида иштирок этиш ва унда нутқ сўзлаш учун ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасига йиғилди. Айни дамда ушбу сессия ер юзида инсон ҳуқуқлари поймол бўлиши ва Яқин Шарқдаги босқинчи Исроил жаҳолатининг энг расво кўринишда юзага чиқиш пайтида ўтказилмоқда. Дарҳақиқат, ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясининг сўнгги йиғилиши якунлаганидан икки ҳафта ўтиб, ҲАМАС баҳонасида Ғазода Исроилнинг тинч аҳолига террори бошланганди десак муболаға қилмаган бўламиз. Жорий йилда бўлаётган Ассамблея якунига етганидан роппа-роса икки ҳафта ўтиб, Исроил геноциди ўзининг қонли 1 ёшига тўлади ва у ҳали ҳам тўхтамади, тўхтатилмади ёки тўхтатишни хоҳлашмаяпти. Шунингдек, бу Россиянинг Украинага қарши босқини бошлангандан буён БМТнинг учинчи сессияси ҳисобланади. Ташкилот мазкур босқин стартидан то бугунгача бўлган давр ичида, босқин пайтлари ёпилиб қолган дон йўлагини очиб, дунёнинг катта қисмини очликдан сақлаб қолишда иштирок этишдан бошқа айтарли ишни амалга ошира олмади. Аслида у воқеада БМТнинг фақат номи қатнашганди холос, асосий ташаббус ва ҳаракат эгаси эса Туркия Президенти Эрдўғанга тегишли бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Хуллас, бу йилги Бош Ассамблеяга ҳилвираб қолган ҳолда етиб келган БМТда 87 нафар давлат раҳбари, 45 нафар ҳукумат раҳбари, иккита валиаҳд шаҳзода ва бошқа расмийлар сўзга чиқиши белгиланганди. Кун тартибидаги асосий масалалар эса кутилганидек Ғазодаги қирғин, 3 йилдан буён давом этиб, охири кўринмаётган Россиянинг Украинага босқини ва БМТдаги ваколати чекланмаган тузилма – Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ҳақида ҳам нутқ сўзлашди. Қуйида эса БМТ минбаридан янграган аччиқ ҳақиқатлар, бугун ушбу халқаро ташкилотга етишмаётган дадиллик, бунга сабаб бўлаётган омиллар, унинг давоси йўқ дардга чалингани ва ўз аждоди бўлган Миллат Лигасининг аянчли тақдирини изма-из такрорлаётгани ҳақида атрофлича тўхталамиз.
Ғазода “жон таслим қилаётган” БМТ
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур актив ҳафталигида тахмин қилинганидек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған катта саҳнага чиқди. Россиянинг Украинага босқини туфайли келиб чиққан глобал беқарорлик шароитида ўта барқарор балансда “рақсга тушиб” келган Эрдўған, эндиликда Ғазо учун асосий жарчига айланди. Шу ва бошқа масалалар юзасидан Туркия етакчисининг сўнгги бир йил ичида БМТ минбаридан туриб дунё ҳамжамиятига етказмоқчи бўлган гаплари анча тўпланиб қолганини кўрдик. 24 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида сўз очган Эрдўғаннинг асосий мавзуси БМТнинг фалажланганлиги ҳамда Исроилнинг Ғазодаги ғайриинсоний жиноятлари бўлди. Туркия Президенти ҳар доимгидек, БМТнинг ҳаракатсиз ва ишлашдан деярли тўхтаган ташкилотга айлангани, бугун у ислоҳотга муҳтожлигини айтиб, ташкилотдаги Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолик билан боғлиқ тизимини ислоҳ қилишга чақирди. Эрдўған Ғазо ҳақида сўз очар экан, секторда нафақат болалар, балки БМТ тизими ҳам ўлаётганини қўшимча қилди.
“Ғазода нафақат болалар, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ҳам ўлмоқда, ҳақиқат ўлмоқда. Ғарб ҳимоя қилмоқчи бўлган қадриятлар ўлиб бормоқда. Инсониятнинг адолатлироқ дунёда яшаш умидлари бирин-кетин сўниб бормоқда. Мен бу ерда аниқ сўрайман: Эй инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Ғазодагилар ва Ғарбий Соҳилдагилар инсон эмасми? Фаластиндаги болаларнинг ўқиш, яшаш ва кўчада ўйнашга ҳаққи йўқми? Эй халқаро матбуот ташкилотлари, Исроил жонли эфирда ўлдирган, идоралари босқинга учраган журналистлар ҳамкасбларингиз эмасми? Эй Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Ғазо қирғинининг олдини олиш ва бу зулм ва ваҳшийликка чек қўйиш учун нимани кутмоқдасиз?”, дейди Туркия етакчиси.
Эрдўған Исроил геноциди ҳақида гапиришда давом этар экан, Ғазо дунёнинг энг катта аёллар ва болалар қабристонига айлангани ҳақида хитоб қилди. У Ғазода деярли 1 йилдан буён давом этаётган қирғин оқибатида 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани, 10 мингдан ортиқ фаластинлик бедарак йўқолиб, 100 мингга яқин одам яралангани тўғрисидаги даҳшатли рақамларни ҳам эслатиб ўтди. Унинг қайд этишича, оғир шароитларда ўз бурчини адо этаётган 172 журналист ҳам Исроил қирғинининг қурбони бўлган. Ҳатто бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга масъул бўлган 500 нафар соғлиқни сақлаш ходими ҳам ўз ҳаётини муҳофаза қилолмаган.
“Очлик ва ташналик билан курашаётган Ғазо халқига ёрдамга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 210 дан ортиқ ходими ва инсонпарварлик ёрдами ходимлари ҳалок бўлди. Исроил кучлари 820 та масжид ва учта черковга зарба берди, уларга ҳатто урушда ҳам тегмаслик керак. Улар ўнлаб шифохоналар, юзлаб мактаблар ва беморларни олиб кетаётган 130 дан ортиқ тез ёрдам машиналарига зарба берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини БМТ минбарида йиртиб ташлаш орқали уялмай, бутун дунёга ва барча виждон эгаларига қарши чиқдилар”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўған Фаластин ва Исроил масаласидан узоқлашмаган ҳолда бу йилги Ассамблеяда Фаластин вакилларини кўрганидан бағоят хурсандлиги ва бу мазкур давлатнинг кенг миқёсда тан олиниши билан биргаликда БМТга аъзолик йўлида ташланган катта қадам деб баҳолади. Пайшанба куни Ассамблеяда Фаластин давлати Президенти Маҳмуд Аббос ҳам нутқ сўзлади. У дунёни Исроилни қурол-яроғ билан таъминлашни тўхтатишга чақириб, ЦАХАЛнинг босқинчи кучлари Ғазо секторини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирганини айтди. Маҳмуд Аббос ўз нутқи давомида Америка Қўшма Штатларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ғазода қирилаётган бегуноҳлар сони ортиб бораётганига қарамай, Вашингтон Исроилни ҳар томонлама ҳимоя қилиб, уни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда.
“Бу жиноятни тўхтатинг. Болалар ва аёлларни ўлдиришни бас қилинг. Геноцидни тўхтатинг. Исроилга қурол юборишни бас қилинг. Бу жиннилик давом эта олмайди. Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги халқимиз билан содир бўлаётган воқеалар учун бутун дунё масъулдир”, деди Фаластин давлати раҳбари Маҳмуд Аббос
Ғазо секторидаги жирканч жиноятларидан сўнг ЦАХАЛ минтақа бўйлаб навбатдаги қабристонни очиш арафасида. БМТ Бош котиби Ассамблеяда айтганидек, бу кетишда Ливанда жаҳаннам эшиклари очилиши мумкин. Сабаби Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида ортда қолган кунларда зиддиятнинг янги босқичи бошланди. Ливанда 17 ва 18 сентябрь кунлари бир қатор алоқа қурилмалари портлаши оқибатида 3 ярим мингдан ортиқ одам жароҳатланиб, ҳалок бўлганлар сони 37 нафарни ташкил қилди. Шундан сўнг Исроил шимолий йўналишда ҳарбий амалиётлар фаоллашганини эълон қилди. 24-25 сентябрь кунлари содир бўлган ҳужумларда 569 киши, жумладан 50 бола ва 94 аёл ҳалок бўлди ва 1800 дан ортиқ киши жароҳатланди. Мазкур воқеалар давом этаётган бир пайтда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги умумий сиёсий муҳокамада шу ҳақда сўз очиб, “Ливан тез орада иккинчи Ғазога айланиши мумкин”, дея таъкидлади. Бош котиб Ливан фалокат ёқасида эканини айтиб, бугунги кунда дунё ўзига хос “торнадо” ва жуда муҳим ўзгаришларни бошдан кечираётганини тилга олди.
“Сайёра қизиди, урушлар авж олди, охирида нима бўлишини эса билмаймиз. Ядровий куч ва қуролларнинг намойиши қоронғи сояга ўхшайди. Биз ўйлашни ҳам истамайдиган нарса томон кетяпмиз: портлашга тайёр бўлган бомба бутун дунёни еб битириши мумкин”, деб огоҳлантирди Гутерриш.
Исроил Ливанга зарбалар бериши фонида мамлакат Бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи бўлиб ўтди. Нетаньяхунинг иддао қилишича, унинг Нью-Йоркка қилинган ташрифининг асосий сабаби, баъзи дунё етакчиларининг “ёлғон ва туҳматли баёнотлари”га жавоб қайтаришдир. Исроил ҳарбийларининг Ғазо сектори, Ғарбий Соҳилдаги ҳаракатлари, шунингдек, қўшни давлатларнинг чегара ҳудудларини ўққа тутгани ҳақида гапирар экан, Нетаньяху Исроил иккала гуруҳ устидан тўлиқ ғалаба қозонмагунча, ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни тўхтатмаслигини айтди. Исроил Бош вазири ўз нутқининг бир қисмини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзини танқид қилишга бағишлаб, уни “зулмат уйи”, “антисемит сафро ботқоғи” деб атади ва БМТдан Исроилга бошқа давлатлар каби муносабатда бўлишни талаб қилди. Бош Ассамблеяда қатнашган бир қанча дунё етакчилари ва бир қанча давлат вакиллари Нетаньяхуни тинглашдан бош тортди. Исроил Бош вазири минбарга чиқиши биланоқ улар норозилик сифатида мажлис залини тарк этди. Аммо шундай бўлишига қарамай, Исроилдаги репрессив режим раҳбарининг сўзини тингловчилар топилди. У БМТ минбаридан туриб, Яқин Шарқда, шу жумладан Эронда Исроил қўли етмайдиган жой йўқ, дея баёнот бериб, минтақага жиддий таҳдид қилди. Деярли бутун дунё Ғазодаги хунрезликларни тўхтатишни истаётган бир пайтда Нетаньяху ўзининг қирғин ва геноциди якунланмаслигини барчага имлади. Унинг бу ҳаракатидаги асосий баҳона ҲАМАСнинг таслим бўлиши ва ҳаракат қўл остида тутқунликда қолаётган асирларни қайтариш бўлиб турибди. Шуни қайд этиш жоизки, қамал остидаги Фаластин ҳудудида 2 ярим миллион аҳолининг катта қисми, ўтган йил октябрь ойидан буён давом этаётган Исроил босқинчи кучларининг қирғини оқибатида уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Уларнинг кўпчилиги мактаб бинолари ва бошқа фуқаролик объектларидан хавфсиз бошпана топганди. Аммо бу жойлар якунда мазлум фаластинликлар учун хавфсиз бўлиб чиқмади. Геноцид ва ғайриинсонийликнинг рамзига айланган Исроил босқинчи кучлари оддий аҳолининг мазкур лагерларини ҳам нишонга олишда давом этди. Инсон ўлароқ бардош бериб бўлмас Рафаҳдаги ваҳшийлик, ўз гўдакларини вайроналар остидан қидираётган оналар, уларнинг фарзанд доғи туфайли телбаларча қичқирган овозлари, янги туғилган эгизак фарзандлари учун туғилганлик гувоҳномаси олишга кетиб, қайтиб келгач уларнинг Исроил ҳужуми оқибатида ўлганлиги тўғрисидаги машъум хабарни эшитган ота. Бундай қонли рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин, аммо бу жоҳилликнинг ҳали ҳам охири кўринмаётгани бугун бутун дунёни ташвишга солмоқда. Аммо ташвишга тушиш масаласида фақатгина ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида кўрсатиб келадиганлар мустасно. Мана буниси эса ростдан ҳам аянчли.
Охири кўринмаётган Россия босқини
Россиянинг Украинага босқини ўзининг уч баҳори ва кузини қаршилаб, тўртинчи баҳорига қараб одимламоқда. Аммо урушнинг охири ҳали ҳам кўринмаяпти. Фронтдаги ҳолат эса ёз ойларида Украина Қуролли кучларининг Россияга тегишли Курск вилоятида қурол кўтарганидан буён унчалик катта ўзгаришларга йўлиқмади. “New York Times”нинг сўнгги маълумотларига кўра, Россия босқини бошлангандан буён ҳар икки томон ҳалок бўлган ва яраланганларни қўшганда, умумий ҳисобда 500 мингдан ортиқ йўқотишларга учраган. Шулардан Россия ҳарбийларининг йўқотишлари 300 мингга яқинлашиб, улар ичидан 120 минг киши ҳалок бўлган бўлса, 180 минггача аскар жароҳат олган бўлиши мумкин. Украинада эса ҳалок бўлганлар сони 70 мингга яқин, ярадорлар бўлса, тахминан 120 мингни ташкил қилади. Аммо бу ҳозирча тахминлар холос, чунки можаро атрофидаги иккала томон ҳам аллақачон қурбонлар ва йўқотишлар сонини очиқлашни тўхтатган. Шундай оғир шароитларга қарамай, Зеленскийга кўра, Россия Украина ядровий иншоотларига ҳужум қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский бугун БМТ Бош Ассамблеясида сўз очди.
“Украина разведкаси Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина атом электр станциялари ва инфратузилмаларини энергия тизимидан узиб қўйиш мақсадида уларга зарба бериш режалари ҳақида хабар берди. Ҳар қандай ракета ёки дрон зарбаси, энергия тизимидаги ҳар қандай муҳим воқеа ядровий фалокатга олиб келиши мумкин. Бундай кун ҳеч қачон келмаслиги керак. Москва буни тушуниши керак ва бу қисман сизнинг тажовузкорга босим ўтказиш қарорингизга боғлиқ”, дейди у.
У дунё лидерлари ичидаги ўз ҳамкорларига қўшимча ёрдам сўраб мурожаат қилди. Зеленскийга таъкидлашича, Россия босқинидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлаш улар учун биринчи навбатдаги устувор вазифа бўлиб қолиши керак. Украина Президенти босқин давомида Россия унинг мамлакатидаги барча иссиқлик электр станцияларини ва мамлакатдаги гидроэлектростанцияларнинг муҳим қисмини вайрон қилган. Шу билан бирга, Зеленский дунё давлатларини можарони тинч йўл билан ҳал қилишда Киев томонидан ишлаб чиқилган тинчлик формуласига амал қилишга чақирди. У Россия билан тинчлик музокараларини талаб қилган бир қатор мамлакатлар, жумладан, Хитой ва Бразилиянинг бу борада таклиф қилган концепцияларини шубҳа остига олди. Зеленский олдин ҳам мазкур масалага тўхталганида, Лотин Америкаси гиганти ва расмий Пекинни анчагина танқид қилганди. АҚШга қилган кўп кунлик сафари доирасида Украина Президенти фақатгина Ассамблеяда чиқиш қилиш билан чекланиб қолмади. У Ассамблеядаги нутқидан олдин дастлаб, Конгрессининг иккала палатаси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказганди. У мазкур йиғилишнинг якунлари бўйича хулосасини ўзининг Х тармоғидаги саҳифасида билдирди. Унга кўра, Россиянинг ўз мамлакатига қарши уруши келаси йил, 2025 йилда якунланиши мумкин.
“Ҳозирда қатъий чоралар Россиянинг Украинага бўлган агрессиясини келаси йили тугатишни тезлаштириши мумкин. Бизнинг ғалаба режамиз амалда Россияни тинчликка мажбурлашга ёрдам беради”, деб ёзди Зеленский.
Украина Президенти БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги нутқида Киевни Россия шартлари асосида Путин билан музокара ўтказишга кўндирмоқчи бўлган давлатлар вакилларини танқид қилди. Зеленский БМТ давлатларини ушбу масала бўйича бирдамликка ва иккинчи глобал тинчлик саммитига тайёргарлик кўришга чақирар экан, шундай давлатлардан икки нафари Хитой ва Бразилияни алоҳида тилга олиб, уларни саммитда иштирок этишга таклиф қилди. Шунингдек, у Эрон ва Шимолий Кореяга жиддий айблов юклаб, уларни Россия Федерациясининг урушдаги “де-факто шериги” деб атади. Зеленскийга кўра, мазкур икки давлат томонидан Россияга юборилаётган қуроллар украиналикларни йўқ қилмоқда ва Путинга Украина халқига тегишли ерларини ўғирлашда ёрдам беряпти.
Адолат юзини кўрмаган Хавфсизлик Кенгаши
БМТ иккита асосдан ташкил топган – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши. Ассамблея ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларни қамраб олади. Адолат аллақачон тарк этган Хавфсизлик Кенгашининг таркиби эса ҳаммага маълум. Кенгашда доимий бўлмаган 10 та аъзоси ва доимий аъзолари АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой каби давлатлар мавжуд. Хавфсизлик Кенгаши бор жойда Бош Ассамблея бирор масала юзасидан бир қарорга келиши ҳеч нимани англатмайди. Чунки резолюция қабул қилиниши учун 193 та давлатнинг ичида етарли овоз тўпланган тақдирда, биргина Хавфсизлик Кенгаши аъзоси томонидан қўйилган вето барча саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради. Ушбу вето ҳуқуқи таркиби ўзгармас 5 та давлат томонидан монополия қилинганини ҳисобга олсак, адолат ва мантиқ бу ташкилот штаб-квартирасига ташриф буюрмаганига анча бўлганини англаш қийин эмас. Дунёдаги кўплаб уруш ва можаролар, қонли қирғинларнинг энг тагида айнан шу вето ҳуқуқи ётади. Назоратнинг йўқ бўлишида ҳам асосий сабабчилардан бири Хавфсизлик Кенгашининг нотўғри ва адолатсиз тарзда ташкил этилганлигидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши – унинг асосий доимий ишловчи сиёсий органи ҳисобланади. БМТ Низомининг 24-моддасига биноан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш учун асосий жавобгарлик айнан Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юклатилган. Бироқ шундай бўлса-да, ўтган давр мобайнида Кенгаш аъзолари бўлган АҚШ ва Буюк Британия Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, Россия эса Кавказорти ва Шарқий Европада сиёсий беқарорлик ва бир қанча можароларга сабабчи бўлди. Бундан ташқари Қўшма Штатлар Осиё-Тинч океани минтақасида бир қанча асоссиз урушларни келтириб чиқарди. Бу можароларда эса Хитой ва собиқ СССРнинг ўрнини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Айни дамда ўтказилаётган 79-сессияда эса Вашингтон халқаро ҳамжамиятнинг узоқ йиллик танқидлари ва ишончсизлигидан сўнг, ер юзи учун ўзидан кутилган натижаларни тақдим қила олмаган БМТ Хавфсизлик Кенгашини ҳозирги кунга мос тарзда ислоҳ қилиш тарафдорига айлангандек гўё. Бу ҳақда жуда қисқа сиёсий умри қолган АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден 79-сессиясидаги умумий сиёсий муҳокамалар доирасидаги минбарда сўзлаган нутқида маълум қилди. Байденнинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлар “кечаги дунёни эмас, балки бугунги дунёни акс эттириши керак”.
“Мен биргаликда ҳаракат қилишимизни хоҳлайман. Бунинг учун биз кучлироқ, самаралироқ ва кенг қамраб олувчи Бирлашган Миллатлар Ташкилотини қуришимиз керак. БМТ мослашиши ва янги овозлар ва янги истиқболларни олиб келиши керак. Шунинг учун биз БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва унинг аъзолари сонини ошириш тарафдоримиз”. Давом этиш вақти келди. Хавфсизлик Кенгаши, худди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзи каби, яна бир бор тинчлик ўрнатиш, урушлар ва азоб-уқубатларни тугатиш ва энг хавфли қуролларнинг тарқалишини тўхтатиш бўйича келишувларга эришиши керак”, дейди у.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ҳам 23 сентябрь куни Вашингтон БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш бўйича музокараларни зудлик билан бошлаш тарафдори эканини айтди. У Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳ қилингач, икки Африка давлати, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларига кенгашнинг доимий аъзоси мақомини бериш зарур деб ҳисоблашини билдирилди. Шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса Ғазо секторида деярли бир йилдан буён давом этаётган Исроил жиноятлари БМТнинг ислоҳотга муҳтожлиги ва самарасизлигининг энг драматик мисоли эканини таъкидлади. У сўнгги йилларда БМТ ўзининг асосий миссиясини етарли даражада бажармагани ва ҳозирги кунда ер юзига “Дунё бешдан катта” шиори билан ифодаланадиган қадриятлар тобора кўпроқ зарурлигини алоҳида таъкидлаб, Хавфсизлик Кенгашидаги 5 та доимий аъзо сонини кўпайтиришга қаратилган ғояни илгари сурди.
Шундай қилиб, БМТнинг 79-сессияси мана шундай оғир ва ўта беқарор сиёсий жараёнлар фонида ўтишга маҳкум бўлди. Салкам 80 йиллик фаолияти давомида ташкилот сўнгги йилларда ўзининг энг қийин ва таназзул ёқасидаги даврини бошдан кечирмоқда. БМТ Бош котиби 79-сессия давомида айтган сўзларига кўра, “дунёдаги жазосизлик даражасининг сиёсий изоҳи йўқ; уни ахлоқий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайди”. Халқаро ҳуқуқ нормалари, БМТ Низоми ва халқаро судлар қарорларини бузаётган давлатлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бу эса Биринчи жаҳон урушидан кейин тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш баҳонасида ташкил қилинган дунё тарихидаги илк халқаро ташкилот Миллатлар Лигасининг заволга юз тутиши ва иккинчи жаҳон уруши бошланиш арафасидаги воқеаларнинг айни ҳолда такрорланишидан бошқа ҳеч нарса эмас. БМТ аждоди бўлган Миллатлар Лигаси билан ҳам худди Гуттериш айтган воқеликлар, хусусан, давлатларнинг ташкилот асосий тамойилларига амал қилмаслиги, халқаро тартибга нисбатан беписандлик каби ҳолатлар кузатилганига тарих гувоҳ. Бугун эса БМТ ана шундай бепарволик ва қоидаларни сариқ чақага ҳам илмаслик каби ҳақоратомуз муносабатни бошдан кечирмоқда. Унинг ҳозирги ҳолати Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан олдинги Миллатлар Лигасиники билан жуда кўп ўхшашликларга эга бўлиб бормоқда.
LiveБарчаси