Ўзгидромет август ойида қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди
Интервью
−
01 Август 2023
25781Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бу йил ёз чилласига тўғри келган июнь ва июль ойларида ҳаво ҳарорати, асосан, 40-45 даражагача кўтарилди. Ушбу иссиқ ҳаво оқими кўпчилик, хусусан, Энергетика вазирлиги томонидан “аномал” деб таърифланди ҳам. Хўш, ўзбекистонликлар бошдан кечираётган иссиқ ҳаво ростдан ҳам аномалми? Мазкур саволга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ Гидрометерология маркази мутахассисига юзланди.
“Бу аномал иссиқ эмас. Ўзбекистонда шунчаки кунлик меъёрдан 2-4 даража ёқори бўлган ҳарорат қайд этилган. Ҳаво ҳароратини аномал деб ҳисобланиш учун меъёрдан 7-8 даражагача кўтарилиши керак. Масалан, ёзда ўртача ҳарорат 30 градус бўлса, лекин кетма-кет 5 кун 37-38 даража қайд этилса, бу аномалга яқинлашган ҳисобланади. Худди шундай қиш фаслида ҳам ҳаво ҳарорати кескин тушиб, бу бир неча кун давом этса, аномал совуқ дейилади”, деди Гидрометерология марказида Инновацияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Ҳумоюн Мағрипов.
Хўш, Ўзбекистонда бошланган август ойида қандай об-ҳаво бўлиши кутилмоқда? Жазирама ёз чекинадими? Мутахассис QALAMPIR.UZ мухбирининг мазкур саволини ҳам жавобсиз қолдирмади.
“Кириб келган август ойининг дастлабки 5 кунида кундузи ҳарорат 35-40 даражагача кўтарилиши, кейин эса 33-38 даражагача тушиши кутиляпти. Аммо иссиқ об-ҳаво август ойида ҳам давом этади. Лекин июль ойига нисбатан 2-3 градусга пасаяди. 40 даражадан ошадиган кунлар саноқли бўлиши кутиляпти. Ойнинг охирига яқин тоғолди ҳудудларида қисқа муддатли ёғингарчилик кузатилиши мумкин”, деди у.
Шунингдек, куннинг баъзи қисмларида енгил шабада эсиб турганига қарамай, инсонларнинг нафас олишида қийинчиликлар юзага келяпти. Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу ҳолат ҳаводаги намлик миқдорига боғлиқ. У – инсон соғлиғига таъсир этадиган катта омиллардан бири. Ҳаво таркибида намлик кўпайган сари инсон беҳузур бўлишни бошлайди.
Шунинг учун Ўзгидрометереология маркази мутахассиси фуқароларга имкони борича соат 11:00 дан 17:00 га қадар кўчга чиқмаслик, чиққан тақдирда соябон ва бошқа ҳимоя воситалари билан ҳимояланиш, оч рангли кийимлар кийиш ҳамда кўпроқ сув ичишни тавсия қилди.
LiveБарчаси