Британиялик аёлнинг миясидан питон танасида яшайдиган қурт топилди
Саломатлик
−
29 Август 2023
11918Канберра касалхонасининг юқумли касалликлар шифокори доктор Санжая Сенанаяке Буюк Британияда яшовчи 64 ёшли беморнинг миясида 8 сантиметрли қурт борлигини аниқлади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, бу турдаги қуртлар шу кунга қадар фақатгина ҳайвонларда топилган. Питон илони эса ушбу паразит учун асосий “уй” ҳисобланади.
Бемор биринчи марта 2021 йил январь ойи охирида уч ҳафталик қорин оғриғи ва диарея, сўнгра доимий қуруқ йўтал, иситма ва тунда терлашдан азият чекаётгани сабаб, маҳаллий шифохонага ётқизилган. 2022 йилга келиб, унинг аломатлари унутувчанлик ва депрессияни ҳам ўз ичига олган ва Канберра касалхонасига юборилган. МРТ текшируви натижалари эса шифокорларни ҳайратда қолдирди.
“Нейрохирург, албатта, у ерда жингалак қурт топаман, деб ўйламаган. Улар мунтазам равишда миядаги инфекциялар билан шуғулланишади, аммо бу бир марта дуч келинган топилма эди. Ҳеч ким буни топишни кутмаганди”, деди Сенанаяке.
Шундан сўнг, шифокорлар неврологик босим ва касалликларга олиб келиши мумкин бўлган юмалоқ қуртларнинг барча турларини ўрганиб чиқди. Аммо изланишлар самарасиз кетди ва улар ёрдам учун ташқи мутахассисларга мурожаат қилди. Охир оқибат, бу Ophidascaris robertsi – одатда питонларда учрайдиган юмалоқ қурт эканлиги маълум бўлган.
Гап шундаки, бемор аёл питонлар кўп ҳудудда яшайди ва ўт-ўланлар йиғиш билан шуғулланади. Шифокорларнинг фикрича, ушбу қурт одам миясига шу ўтларни истеъмол қилиш ёки ўтларни ушлагандан сўнг, идиш товоқларга тегиш натижасида кириб қолган.
Нейрохирург доктор Хари Прия Банди бемордан ушбу думалоқ қуртни олиб ташлади. Ҳозир эса аёл бошқа аъзоларида паразитлар бор ёки йўқлигини текширтирмоқда.
Маълумот учун, одамларда пайдо бўладиган юқумли касалликларнинг тўртдан уч қисми ҳайвонлардан юқади. Сўнгги 30 йил ичида дунёда 30 га яқин янги инфекциялар қайд этилган. Уларнинг тахминан 75 фоизи зооноздир, яъни ҳайвонот дунёсидан инсонларга кўчган. Бунга коронавирус ҳам мисол.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда 17 ёшли Меган исмли қиз сузиш учун кўлга борган ва 9 кундан кейин вафот этган. Бунга эса ўта хавфли бактерия сабаб бўлгани айтилмоқда.
LiveБарчаси