Британиялик ҳарбийлар шаҳзода Гаррини хоинликда айблади

Олам

image

Аввалроқ, Буюк Британия шаҳзодаси Гарри ўз хотиралари битилган мемуар асарда Афғонистондаги жангларда 25 кишини ўлдирганини тан олгани ҳақида хабар берган эдик. Аммо британиялик ҳарбийлар шаҳзоданинг ушбу иқрорларига нисбатан ОАВда муносабат билдириб, уни хоинликда айблади.

“The Times” нашрига кўра, 2003 йилда Ироқда амалга оширилган ҳарбий ҳаракатларда қатнашган полковник Тим Коллинз шаҳзода Гарри ўз автобиографиясида бу рақамларни акс эттириб, соддалик қилиб қўйганини айтган.

“Армия нима бўлишидан қатъий назар унга ҳамиша ўз эшикларини очган. Энди у ўз оиласига хиёнат қилганидек, бу ишончга ҳам хиёнат қилди. Менимча, у жуда содда. Нима қилаётгани ва нима қилганини тушунмаяпти. Буюк Британия Афғонистонга  ўз аскарларини одамларни ўлдириш учун эмас, қонуний ҳокимият ва Афғонистон халқини ҳимоя қилиш учун юборган”, дейди у.

“Daily Mail” нашрига кўра, Мудофаа қўмондонлиги раҳбарининг собиқ ёрдамчиси, генерал-майор Жонатан Шоу ҳам шаҳзода Гарри ҳақида ўз фикрларини билдирган.

“Аскарлар ўзлари ўлдирган одамлар ҳақида гапирмайди. Гаррининг айтганлари ёзилмаган қоидаларга зид. Менимча, у даромадга ташна бўлган реклама жамоасининг сўзларидан илҳомланиб кетган”, деган у.

Афғонистондаги Британия армиясида хизмат қилган захирадаги полковник Ричард Кемп шаҳзода Гаррининг сўзлари душманларнинг Британияга қарши ҳужумлари пропагандаси учун хизмат қилади, деган фикрда.

“The Daily Telegraph” нашри эса қироллик оиласининг исми ошкор қилинмаган дўсти билан мулоқот қилган. У шаҳзода Гарри оиласи билан ярашишни хоҳлаётгани ҳақидаги даъволарига шубҳа билан қараган.

“У оиласи билан ярашишни хоҳлаётганини айтади, кейин эса орқадан пичоқ уради”, дейди Қироллик оиласининг яқин дўсти.

Шунингдек, Британия ОАВ китоб атрофидаги миш-мишларга ҳам эътибор қаратган. Қайд этилишича, китоб ўтган ёздаёқ тайёр бўлган, бироқ шаҳзодага Қиролича Елизавета II тириклигида китобни нашр этиб бўлмаслиги аниқ айтилганидан кейин у китобни нашр этиш ҳақидаги фикрини ўзгартирган. Аммо 2022 йилнинг сентябрь ойида Қиролича вафотидан кейин ҳаммаси ўзгарган.

Қолаверса, тақдимоти жорий йилнинг 10 январь кунига режалаштирилаётган ва ҳали сотувга чиқарилмаган китобдаги маълумотлар қандай қилиб етакчи нашрлар томонидан эълон қилинаётгани ҳам аниқланган. 5 январь куни автобиографиянинг испан тилида сотувга тайёрланган нусхалари хатолик сабаб Испаниядаги дўкон пештахталарига чиқиб кетган. Бу хато тезда тузатилиб, испан тилидаги китоблар пештахталардан олиб ташланган бўлса-да, бир қанча нусхалар журналистлар қўлига етиб борган.

Эслатиб ўтамиз, шаҳзода Гарри муаллифлигидаги эсдаликлар битилган 416 саҳифали китоб тақдимоти жорий йилнинг 10 январь кунига режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Аввалроқ, 6 январь куни “Толибон” ҳаракатининг юқори мартабали вакили Суҳайл Шаҳин Афғонистондаги қотилликлари ҳақида гапирган Гаррини судга топширилиши ва суднинг инсониятга қарши жиноятларга оид саволларига жавоб бериши керак эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Буюк Британия шаҳзода Гарри

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

2.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made