Британияда X блокланиши мумкин

Олам

image

Буюк Британия ҳукумати Илон Маскка тегишли X ижтимоий тармоғига нисбатан кескин чоралар кўриши мумкин. Бунга платформадaги сунъий интеллект – Grok орқали аёллар ва болаларнинг суратларини жинсий мазмунда ўзгартириш билан боғлиқ можаро сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

Британия Фан, Инновациялар ва технологиялар вазири Лиз Кендаллнинг айтишича, мамлакат медиа регулятори Ofcom X платформасига нисбатан бир неча кун ичида чоралар кўриши мумкин.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Ofcom’дан мамлакатда қарийб 20 миллион фойдаланувчига эга бўлган X’ни блоклашдан аввал платформага нисбатан қандай чоралар кўриш мумкин бўлса, ҳаммасини кўриб чиқишни сўраган.

Сўнгги пайтларда X фойдаланувчилари Grok сунъий интеллектидан фойдаланган ҳолда ҳақиқий аёлларнинг, жумладан, сиёсатчилар ва машҳурларнинг суратларидан кийимларини олиб ташлашни сўраб мурожаатлар қилган. Британия интернет назоратчилари бундай тасвирларнинг айримлари даркнетда тарқалиб, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари тоифасига киришини маълум қилган.

Илон Маск ўзининг Grok номли сунъий интеллект чат-боти билан боғлиқ можарони юмшатиш мақсадида ушбу хизматни фақат пуллик обуначилар учун қолдирган. Бироқ Британия ҳукумати бу етарли эмаслигини билдирмоқда.

“Аёллар ва болаларнинг тасвирларини жинсий мақсадда ўзгартириш жирканч ва мутлақо қабиҳ ҳолатдир. Агар пул тўланса, Grok бунга ҳали ҳам рухсат берётгани ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳол. Мен Ofcom парламент берган барча ҳуқуқий ваколатлардан фойдаланишини кутаман”, дейди Технологиялар вазири Лиз Кендалл.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Instagram вояга етмаганлар учун янги чекловлар жорий қилиши ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, эндиликда 18 ёшдан кичик фойдаланувчилар PG-13 рейтингига мос контентни кўради. Ушбу рейтинг асосида болалар зўравонлик, уятсиз саҳналар ёки гиёҳванд моддалар мавзусини кўра олмайди. 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар бу созламани ота-она ёки васийларининг рухсатисиз ўзгартира олмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илон Маск X

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг