Британияда 700 йил олдинги қотиллик фош этилди

Олам

image

Буюк Британияда криминалистлар 700 йил аввал содир этилган қотилликни фош этди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Criminal Law Forum” илмий журналида чоп этилди.

Маълум қилинишича, 1337 йилнинг 3 май куни кечқурун Лондон марказидаги гавжум Чипсайд кўчасида руҳоний Жон Форд ўлдирилган. Орадан қарийб 700 йил ўтиб, Кембриж университети тадқиқотчилари жиноят сабаблари, буюртмачи ва ижрочиларни аниқлашга муваффақ бўлган. Бу иш криминолог Мануэль Айснернинг “Ўрта аср қотиллик харитаси” лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади. Тадқиқот давомида у XIV асрга оид Лондон, Йорк ва Оксфорд шаҳарларидан олинган 355 та ҳисоботларини таҳлил қилган.

ХIV асрда Лондон қиролликнинг энг йирик шаҳри бўлиб, аҳолиси 60-80 минг кишини ташкил этган. Бу муҳим савдо маркази кучли ҳунармандлар гильдиялари назорати остида эди. Йоркда 10-15 минг аҳоли яшаган бўлиб, у Шимолий Англиянинг асосий шаҳри ва ривожланган тўқимачилик савдосига эга эди. Оксфорд эса фақат 6 минг аҳолига эга бўлган кичикроқ шаҳар бўлса-да, университети туфайли муҳим мавқега эга эди.

Айнан Лондонда ўша даврнинг энг машҳур қотилликларидан бири содир бўлган. Жон Форд ибодатдан кейин Чипсайд бўйлаб кетаётганида унга бошқа бир руҳоний – Ҳаскап Невилл яқинлашиб, суҳбатга бошлайди. Улар бирга тахминан 200 метр юрганидан сўнг, Фордга тўрт нафар эркак ҳужум қилади. Улардан бири 30 сантиметрли ханжар билан унинг томоғини кесади, яна иккитаси қорин соҳасига пичоқ билан зарба беради. Ҳужумчилардан бири Эла Фитзпайн исмли юқори мартабали аёлнинг укаси Хю Ловелл, яна иккитаси унинг собиқ хизматкорлари ва Жон исмли бир шахс бўлган.

Замонавий тадқиқотчиларнинг аниқлашича, жиноят сабаби 1332 йилги воқеаларга бориб тақалади ва шахсий қасос билан боғлиқ. Ўша йили Эла Фитзпайн турли жинсий алоқаларда, жумладан Жон Форд билан бўлган муносабатда айбланади. Жазога кўра, унга ҳар йили етти йил давомида Салисбурия соборидан ялангоёқ юриш буюрилади.

Қотилликдан сўнг суриштирув бошланади. Аммо фақатгина битта қотилга нисбатан расмий айблов қўйилади, қолганлар, жумладан буюртмачи ва бошқа иштирокчилар сир сақланади. Эла Фитзпайн, унинг укаси ва бошқа жиноятчилар суд олдида жавоб бермай қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Огайо штатида яшовчи шахсга деярли 50 йил олдин содир этилган қотилликда айблов иши эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Буюк Британия Оксфорд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг