Британияда 200 олим Хитойга ҳарбий сирларни сотишда гумон қилинмоқда
Олам
−
08 Февраль 2021
5327Буюк Британия Xавфсизлик кучлари Хитойга сўнгги, энг янги қурол-яроқ ҳақида махфий маълумотларни тақдим этганликда гумон қилинаётган 200 га яқин британиялик олимларни текширмоқда. Бу ҳақда бугун, 8 февраль куни “The Times” нашри хабар бермоқда.
Газетанинг ёзишича, 200 нафар олим стратегик жиҳатдан муҳим соҳаларда душман давлатларга “интеллектуал мулкнинг ўтказилиши олдини олишга қаратилган қатъий экспорт чекловларини” бузганликда гумон қилинмоқда.
Маълум бўлишича, Британия ҳукумати Қўшма Қиролликнинг ўндан ортиқ университетида ишлайдиган 200 дан ортиқ Британия фуқаросига тегишли билдиришномаларни юборишга тайёрланмоқда. Улар самолётлар, ракета дизайни ва кибер қуроллар билан боғлиқ энг замонавий ҳарбий технологиялар бўйича махфий тадқиқотлар натижаларини Хитойга ўтказиш бўйича тергов қилинмоқда.
Тергов қилинаётган кўплаб олимлар Хитой компаниялари билан тижорат шартномалари тузиш орқали қонунни билмасдан бузган бўлиши мумкин.
“Тез орада биз судларда ўнлаб олимларни кўришимиз мумкин”, деб ёзади “The Times”газетаси.
Маълум қилинишича, Буюк Британиянинг 2008 йилги экспортни назорат қилиш тўғрисидаги фармонига кўра, юқоридаги ҳолат юзасидан гумонланаётганлар айбдор деб топилса, ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.