Британия Россиянинг деярли 30 млрд евролик активларини музлатди
Олам
−
22 Март
1597Буюк Британия Украинада тўлиқ миқёсдаги уруш бошланганидан бери Россиянинг умумий қиймати 25 миллиард фунт стерлингдан ошиқ (деярли 30 млрд евро) активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Буюк Британия Молия вазирлигининг Молиявий санкцияларни қўллаш бошқармаси (OFSI) маълум қилди.
Идоранинг баёнотида айтилишича, Лондон ва унинг иттифоқчилари Москвага қарши “Россия ҳеч қачон дуч келмаган энг қаттиқ санкцияларни” жорий этган. OFSI ҳисоб-китобларига кўра, Россия 2022 йил февралидан буён 400 миллиард доллардан (475 миллиард евро) ортиқ маблағ йўқотган, бу эса тўрт йиллик ҳарбий харажатларга тенг.
“Россиянинг умумий молиявий ҳолати заифлашди ва федерал бюджет камида 2026 йилгача тақчилликда қолиши кутилмоқда. Рубль сезиларли даражада қадрсизланди, Россия эса ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда, бу эса иқтисодиётга янада ортиқча юк. Инфляция ўсиб бормоқда ва унинг суръатлари белгиланган мақсадларга нисбатан анча юқори. Юқори фоиз ставкалари ва иқтисодий изоляция эса қарз олишни жуда қимматлаштирди. Буюк Британия санкциялари туфайли Россия армияси муҳим етказиб беришлар учун Шимолий Корея ва Эрон каби давлатларга мурожаат қилишга мажбур бўлди”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Ғарб давлатлари Россиянинг тахминан 280 миллиард евро миқдоридаги активларини музлатиб қўйди. Уларнинг катта қисми Европа Иттифоқида сақланади. Европа Иттифоқида Россия активларини мусодара қилиш ва уларни Украинага етказилган зарарларни қоплаш учун ишлатиш масаласида баҳслар давом этмоқда. Баъзи Европа мамлакатлари бу фикрни қўллаб-қувватласа, бошқалари бунга қарши чиқмоқда. Улар, жумладан, ушбу активларнинг фоизларини Киевга ўтказиш имкониятини таклиф қилмоқда.
20 март куни Европа Иттифоқи Украинага 1 миллиард евролик янги ёрдам ажратганини эълон қилди. Ушбу кредитларнинг тўлови Киев томонидан Россиянинг музлатилган активларидан олинган фоизлар ҳисобига амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдадан Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказиши маълум қилинганди.
LiveБарчаси