Британия ҳукуматига социалист бош бўлди
Таҳлил
−
20 июл 3828 7 дақиқа
2 йил-у 15 кунлик фаолиятидан сўнг Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Кир Стармер ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди ва унинг ўрнига Британия сиёсатида “Шимол қироли” номи билан танилган Энди Бернҳем лавозимга келди. 20 июль куни расман ўз вазифасини бошлаган Бернҳем Бирлашган Қиролликнинг сўнгги ўн йилликдаги еттинчи Бош вазири бўлди. Хўш, янги вазир ким ва у нималарни ваъда қилмоқда?
“Шимол қироли” ким?
Буюк Британия парламентар монархия, яъни тахтда қирол ёки қиролича ўтирса-да, давлат бошқарувининг асосий қисми парламент ва Бош вазир қўлида. Аммо ўтган декада давомида лавозимга келган Бош вазирларнинг ҳеч бири инглизларнинг кўнглига йўл тополмаяпти. Қисқа фурсат ичида 6 нафар ҳукумат раҳбарининг алмашиши, ҳеч бири ўз ваколат муддатини ҳам якунига етказмасдан истеъфога чиқиб кетиши бу йилги иссиқ ҳаводек аномал ҳолат. Тереза Мей, Борис Жонсон, Лиз Трасс, Риши Сунак ва ҳатто Кир Стармер ҳам буни эплолмади. Энди Британиянинг бор умиди Энди Бернҳемдан.
Хўш, ўзи Бернҳем ким?
1970 йилда Англиянинг Ланкашир графлигида туғилган Эндрю Мюррей Бернҳем Кембриж университетини тамомлаган. У Лейбористлар партиясига ёшлигидайоқ қўшилган ва 2001 йилда илк бор парламент депутати этиб сайланган. Тони Блер ҳамда Гордон Браун ҳукуматлари даврида Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт масалалари бўйича вазирлик лавозимларида фаолият олиб борган. Кейинчалик Лейбористлар партияси етакчилиги учун икки марта курашган бўлса-да, ғалаба қозона олмаган.

Бернҳем узоқ йиллар парламент ва ҳукуматда фаолият юритган бўлса-да, унинг сиёсий нуфузи айниқса Катта Манчестер мери лавозимида ишлаган даврида кескин ошди. Айнан шу даврда у оммавий ахборот воситалари томонидан “Шимол қироли” дея атала бошланди.
2017 йилда Катта Манчестер мери этиб сайлангач, у минтақада жамоат транспортни ислоҳ қилиш, автобусларни маҳаллий бошқарувга қайтариш ва трамвай ҳамда автобусларни ягона “Bee Network” тизимига бирлаштириш каби ташаббусларни амалга оширди. Бу эса уни нафақат Манчестер, балки бутун Шимолий Англияда машҳур сиёсатчига айлантирди.
“Шимол қироли” лақабини олиши эса 2020 йилги COVID-19 пандемияси даврига тўғри келади. Ўша пайтда Борис Жонсон ҳукумати Катта Манчестер ҳудудида қатъий чекловлар жорий этишни режалаштирар экан, Бернҳем марказий ҳукуматдан маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар учун кўпроқ молиявий ёрдам талаб қилди. У ҳукумат билан очиқ қарама-қаршиликка киришиб, Шимолий Англия манфаатларини қатъий ҳимоя қилди. Унинг Манчестер марказидаги чиқишлари ва Лондон сиёсатига қарши кескин позицияси оммавий ахборот воситаларида катта резонанс уйғотди. Дастлаб киноя тариқасида ишлатилган “Шимол қироли” атамаси вақт ўтиши билан унинг сиёсий брендига айланди.
Қисқа вақт ичида у ишчилар синфининг энг кўзга кўринган ҳимоячиларидан бири сифатида танилди. Унинг социалистик қарашлари ва камбағалларни қўллаб-қувватлаши тез фурсатда унинг обрўсини ошириб юборди.
Ҳа, Бернҳем социалист, аммо унинг учун бу мафкура Ленинча социализмдек қатъий назария ва синфий уруш эмас, балки оддий одамларнинг турмуш даражасини ошириш, арзон уй-жой ва сифатли жамоат транспорти билан таъминлаш ғоясидир.
Бугун Энди Бернҳем Британия сиёсатида минтақавий манфаатларни ҳимоя қилувчи энг кучли арбобдан бутун мамлакат тақдирига таъсир этувчи Бош вазир лавозимига келмоқда.
Бернҳем нималарни ваъда қилмоқда?
Буюк Британияда ҳокимият алмашинуви ортидан мамлакат сиёсатининг янги йўналиши шаклланмоқда. Лейбористлар партияси раҳбари этиб сайланган ва Бош вазирликка киришаётган Энди Бернҳем илк чиқишидаёқ ҳукуматнинг устувор вазифаларини эълон қилди. У ўзини нафақат Лейбористлар партияси, балки бутун мамлакатнинг етакчиси сифатида кўришини айтиб, иқтисодиёт, уй-жой, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви ва энергетика каби энг оғриқли йўналишларда кенг кўламли ислоҳотларни ваъда қилмоқда.
Социалист янги Бош вазирнинг энг муҳим ваъдаларидан бири иқтисодиёт ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Сўнгги йилларда Буюк Британияда инфляция, коммунал хизматлар нархининг ошиши ва реал даромадларнинг пасайиши аҳолининг асосий муаммосига айланган. Янги ҳукумат айнан яшаш харажатлари инқирозини юмшатишни биринчи вазифа деб билмоқда. Бернҳем иқтисодий ўсишни тезлаштириш, бизнес билан ҳамкорликни кучайтириш ва шу билан бирга давлатнинг стратегик соҳалардаги ролини ошириш тарафдори эканини билдирди. Шунингдек, у аввалги сиёсатчиларнинг қарорларини ҳам танқид қилиб, айбини бошқанинг бўйнига илишда айблади.
“Турмуш даражаси пасайиб, сиёсат умуман халққа хизмат қилаётмаган бир пайтда сиёсатчилар қандай қилиб бармоқ ниқтаб, айбни бошқаларга ағдаришлари мумкин?”, деди у қасамёд маросимидаги нутқида.
Уй-жой масаласи ҳам унинг кун тартибидан муҳим ўрин олган. Бернҳем кенг кўламли ижтимоий уй-жой қурилиши дастурини бошлашни ваъда қилмоқда. Унинг фикрича, арзон уй-жойлар тақчиллиги нафақат ёш оилалар, балки бутун меҳнат бозорига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис маҳаллий кенгашлар ваколатини кенгайтириш ва давлат томонидан молиялаштириладиган уй-жойлар сонини ошириш режалаштирилмоқда. Агар бу режа амалга ошса, Маргарет Тетчер давридан бери ҳукм суриб келаётган хусусийлаштириш сиёсати ўзгариши мумкин.

Соғлиқни сақлаш тизими ҳам Бернҳем эътибор қаратаётган асосий йўналишлардан бири. Собиқ соғлиқни сақлаш вазири сифатида у Миллий соғлиқни сақлаш хизмати дуч келаётган муаммоларни яхши билишини таъкидламоқда. Айниқса, ижтимоий парвариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва касалхоналар зиммасидаги ортиқча юкни камайтириш устувор вазифалар қаторига киритилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қариб бораётган аҳоли сони фонида бу масала нафақат тиббиёт, балки иқтисодиёт учун ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.
“Келинг, сиёсат эътибордан четда қолдирган энг муҳим масалаларни – масалан, ижтимоий ғамхўрлик тизимини – ҳал қилиш учун ўзимизда шижоат топайлик ҳамда биргаликда майдонга чиқиб, режаларимизни қатъият билан амалга оширайлик”, деган у.
Бернҳемнинг энг катта сиёсий ғояларидан бири эса ҳокимиятни марказдан ҳудудларга ўтказишдир. Катта Манчестер мери сифатида ишлаган йилларида у маҳаллий бошқарувнинг самарадорлигини бир неча бор мисол қилиб кўрсатганди. Эндиликда у Вестминстер қўлида жамланган ваколатларнинг бир қисмини Англия ҳудудларига топширишни, шаҳар ва минтақаларга иқтисодий ҳамда молиявий мустақиллик беришни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, мамлакатдаги иқтисодий тафовутларни фақат марказлашган бошқарувни юмшатиш орқали камайтириш мумкин. Бу эса Буюк Британия сиёсатида энг йирик институционал ўзгаришлардан бирига айланиши эҳтимолдан холи эмас.
“Агар маҳаллий ҳокимиятлар ҳатто автобус қатнови каби энг оддий нарсани ҳам назорат қила олмаса, улар қандай қилиб одамларни имкониятлар билан боғлай олади ва вазиятни ижобий томонга буриши мумкин?”, деб журналистларга савол билан юзланди.
Энергетика ва давлат хизматлари бўйича ҳам янги ҳукумат аввалгисидан кескин фарқ қилувчи ёндашувни таклиф қилмоқда. Бернҳем хусусий компаниялар бошқарувидаги айрим коммунал хизматлар устидан давлат назоратини кучайтиришни қўллаб-қувватламоқда.
Бундан ташқари, у аввалги ҳукуматнинг рақамли шахсни тасдиқлаш (digital ID) лойиҳасини бекор қилишга ҳам улгурди. Бу қарор фуқаролик эркинликлари ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тарафдорлари томонидан ижобий кутиб олинди.
Бернҳем олдинги вазирларнинг истеъфога чиқишига асосий сабаблардан бири бўлган партия ўртасидаги бўлинишга қарши ҳам жиддий кураш бошламоқчи. У партия ичидаги гуруҳбозликка барҳам бериш, Лейбористларни яна ягона сиёсий кучга айлантириш ва “заҳарланган сиёсий муҳит”ни ортда қолдиришни ваъда берди. Бернҳем Кир Стармер ҳукуматининг айрим ютуқларини тан олган ҳолда, янги давр “кўпроқ бирлик, кўпроқ ваколат ва кўпроқ натижа” даври бўлишини таъкидламоқда.
Шунингдек, Энди Бернҳем энергия хавфсизлиги ва аҳолининг яшаш харажатларини камайтириш учун Шимолий денгизда бурғулаш ва нефть-газ қазиб олишда янги бурғулаш ишларини ваъда қилмоқда. Шимолий денгиз нефти ва гази (North Sea oil and gas) – Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия ва Германия ўртасидаги Шимолий денгиз тубидан қазиб олинадиган нефть ва табиий газ захираларидир. 1970 йиллардан буён Шотландиянинг Абердин шаҳри яқинидаги конлар Британиянинг асосий энергия манбаи, минглаб иш ўринлари ва давлат бюджети учун солиқ тушуми бўлиб келган. Аммо сўнгги йилларда захиралар камайиб, қазиб олиш ишлари деярли тўхтаб қолган эди. Экологияга етказиши мумкин бўлган зарарлари туфайли янги бурғулаш ишларига рухсат берилмай келаётган эди. Бироқ янги Бош вазир ўз ваъдаларининг устидан чиқиш учун экологик оқибатларга кўз юммоқчи кўринади. АҚШ раҳбари Доналд Трамп ҳам бу қарорни олқаб, Truth Social платформасида пост ёзди.
“Шотландиядаги Абердин аҳолиси кўчаларда рақсга тушмоқда, чунки янги Бош вазир Энди Бернҳем бебаҳо Шимолий денгиз нефтини тўлиқ очиб беришини айтди!”, деб ёзди Трамп.
Бироқ бу ваъдаларни амалга ошириш осон бўлмайди. Давлат молияси босим остида қолаётган, иқтисодий ўсиш сустлашган ва популистик кучлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда Бернҳем олдида мураккаб синов турибди. Унинг дастури британияликларга умид бераётган бўлса-да, сиёсий муваффақият пировардида шиорларга эмас, балки ушбу ваъдаларнинг амалда қай даражада бажарилишига боғлиқ бўлади.
Live
Барчаси