BRICS етакчилари Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди

Олам

image

BRICS мамлакатлари етакчилари Исроил қўшинларини Ғазо сектори ва барча босиб олинган Фаластин ҳудудларидан тўлиқ олиб чиқиб кетишга, шунингдек, Ғазо секторида барқарор ва шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. Бу ҳақда Бразилиядаги саммитнинг якуний декларациясида сўз боради.

Ҳужжатда таъкидланишича, BRICS аъзолари Ғазо секторини ўз мустақиллигини қўлга киритиши керак бўлган Фаластин давлатининг ажралмас қисми деб билади. BRICS етакчилари Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, улар исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик асирларни тезроқ озод қилишга чақирди.

Бундан ташқари, декларация муаллифлари Ғазо ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини Фаластин давлати маъмурияти бошқариши кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, BRICS Суриянинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини билдирди, Эронга берилган зарбаларни қоралади.

Таъсисчилари Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка бўлган BRICS жаҳон иқтисодиётида асосий ўринни эгаллайди. Рио-де-Жанейродаги BRICS саммити икки кун давом этди. Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди. Президент Владимир Путин видео ҳавола орқали тадбирга қўшилди.

Сўнгги 12 йил давомида BRICS саммитларида қатнашиб келган Хитой етакчиси Си Цзиньпин ҳам Бразилияга Бош вазир Ли Цянни юборди. 
Саммитда BRICS'га аъзо давлатлар (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Миср, Эрон, БАА, Эфиопия ва Индонезия), қўшилиш жараёнини якунламаган Саудия Арабистони, 10 та ҳамкор давлат (хусусан, Ўзбекистон), 8 та таклиф этилган давлат, 9 та халқаро ва минтақавий ташкилот иштирок этди. Таклиф этилган давлатлар қаторига Туркия, Озарбайжон, Фаластин, Кения, Колумбия, Мексика, Чили ва Уругвай киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг