BRICS етакчилари ҳозирча янги аъзоларни қабул қилмасликка қарор қилди
Олам
−
25 Октябрь
9715Қозондаги саммитда BRICS иштирокчилари давлат раҳбарлари уюшмага ҳозирча янги аъзоларни қабул қилмасликка, балки баъзи мамлакатларга ассоциацияга шерик мақомини беришга қарор қилишди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.
“BRICS давлатлари раҳбарлари Қозонда бўлиб ўтган йиғилишда 30-35 та давлатнинг ассоциацияга аъзо бўлиш сўровига жавобан, айни дамда гуруҳга янги аъзолар қабул қилинмаслиги, баъзи мамлакатлар эса BRICS’га ҳамкор сифатида қўшилиши ҳақида қарор қабул қилди”, деди вазир.
Ароқчининг қайд этишича, Қозондаги саммитда BRICS давлатлари ҳамкор мақомини олиш учун давлат қандай мезонларга жавоб бериши кераклиги ҳақида қоида ишлаб чиққан. Эронлик дипломатнинг таъкидлашича, мамлакат ассоциацияга қабул қилиниши учун унинг барча иштирокчилари ўртасида консенсус бўлиши керак.
Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг тушунтиришича, 30 дан ортиқ давлат BRICS’га аъзо бўлиш учун ариза топширган ва келажакда ассоциациянинг кенгайиши Қозондаги саммитда белгиланган ҳамкор давлат мезонлари фильтри орқали амалга оширилади.
Маълумот учун, BRICS'га 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан асос солинган ва 2011 йилда Жанубий Африка унга аъзо бўлган. 2024 йилнинг 1 январида Миср, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Эфиопия гуруҳнинг тўлиқ аъзоси бўлди. Бу йил ассоциацияга Россия раислик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 октябрь куни Қозонда бўлиб ўтган “аутрич” / “BRICS плюс” йиғилишида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос мамлакати BRICS гуруҳига қўшилиш истаги борлигини тасдиқлаганди. Маҳмуд Аббос саммит доирасида бўлиб ўтган Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувда Фаластин BRICS’да гуруҳ учун қулай шаклда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.