BRICS Трампнинг божларини танқид қилди
Олам
−
07 Июль 3556 2 дақиқа
BRICS давлатлари савдони бузувчи ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига тўғри келмайдиган бир томонлама тариф ва нотариф чораларининг ўсишидан жиддий хавотир билдирди. Бу ҳақда кеча, 6 июль куни эълон қилинган Рио-де-Жанейродаги BRICS саммити декларациясида сўз боради.
“Бундай чора-тадбирлар жаҳон савдосини янада қисқартириш ва глобал таъминот занжирларини бузиш билан таҳдид қилади, бу эса мавжуд иқтисодий номутаносибликни кучайтириши ва глобал иқтисодий истиқболларга таъсир қилиши мумкин”, деб ҳисоблайдаи BRICS'га аъзо мамлакатлар.
AFP'нинг ёзишича, ҳужжатда Америка Қўшма Штатлари ёки унинг Президенти Дональд Трамп тўғридан тўғри тилга олинмаган бўлсада, ”бу Пенсильвания авенюси, 1600да (Вашингтондаги Оқ уй жойлашган манзил) яшовчига қаратилган аниқ сиёсий сальво”,
Ўша куни АҚШ Молия вазири Скотт Бессент АҚШ маъмурияти савдо музокараларида муваффақиятга эришмаган давлатлар учун 1 августдан бошлаб божхона тўловларини тиклаш ниятида эканини айтди. Бу Трамп 2 апрелда эълон қилган, аммо кейинга қолдирган божларга тегишли. Ҳозирда 10 фоизлик базавий тариф ставкаси қўлланилмоқда, бироқ баъзи мамлакатларда бир неча баробар юқори бож тўловлари мавжуд.
АҚШ аллақачон BRICS аъзоси Хитой билан ўзаро божларни 120-140% дан 10-30% гача камайтириш бўйича вақтинчалик келишувга эришган.
Маълумот учун, BRICS дастлаб тўртта давлатнинг бирлашмаси эди: Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой. 2010 йилда уларга Жанубий Африка, 2024 йил бошида эса Эрон, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари, кейинроқ Индонезия қўшилди. Ҳозирда дунё аҳолисининг ярмига яқини блок мамлакатларида истиқомат қилади ва уларнинг умумий иқтисодиёти жаҳон умумий иқтисодиёти ҳажмининг 40 фоизига етган.
Рио-де-Жанейродаги BRICS саммитида Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам қатнашмади. Халқаро жиноий суд томонидан 2023 йил апрелида ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган Россия Президенти Владимир Путин ҳам тадбирда шахсан қатнашмади, лекин видео алоқа орқали сўзлади.
Live
Барчаси