BRICS саммити вақтида Қозон аҳолисининг эски автомобиллардан фойдаланиши тақиқланди
Олам
−
15 Октябрь
3858Россиянинг Қозон шаҳридаги бир нечта корхона ходимларидан BRICS саммити давомида шаҳарга ўзларининг эски автомобиллари билан келмаслиги сўралган. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб, “116.ru” нашри хабар берди.
“Улар (расмийлар) ишга жамоат транспортида боришни, автомобилларини гаражда ёки ҳеч бўлмаганда узоқроқда, ҳовлиларда қолдиришни таклиф қилишди”, дейди нашр манбаси.
Манбанинг сўзларига кўра, эски ва занглаган автомобиллар BRICS саммити вақтида шаҳарнинг кўринишини бузиши мумкин.
“Бу юқоридан берилган кўрсатма ёки корхона раҳбариятининг шахсий ташаббуси бўлганми, номаълум, аммо “тавсия” шаҳарнинг марказига яқин жойда ишлаётганларга ҳам, ҳатто иш жойи ташқарисида – Столбишчи қишлоғида жойлашганларга ҳам тааллуқли бўлди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, BRICS саммити 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, 38 та давлатга таклифномалар юборилган, улардан 32 таси иштирок этишини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ BRICS саммитига Россия томонидан таклиф қилинган давлат раҳбарларининг учдан бир қисми Президент Владимир Путин ҳузурига боришдан бош тортгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси