Бразилияда Pfizer билан эмланган 10 ёшли боланинг юраги тўхтаб қолди

Олам

image
0:00
0:00
download

Бразилияда янги турдаги коронавирус инфекциясига қарши эмланган 10 ёшли боланинг юраги тўхтаб қолди. Бу ҳақда Сан-Паулу штатидаги Ленсойс-Паулиста шаҳри маъмуриятига таяниб, ТАСС маълум қилди. 

“10 ёшли йигитчанинг юраги болалар учун мўлжалланган Pfizer вакцинасини олганидан сўнг тўхтаб қолди”, дейилади маҳаллий ҳукумат баёнотида. 

Қайд этилишича, реанимациядан сўнг бола ўзига келган, аҳволи барқарор, шифокорлар назоратида. Шаҳар маъмуриятига кўра, бола астма касаллигидан азият чеккан.

“Содир бўлган воқеа сабаб шаҳар расмийлари болаларни коронавирусга қарши эмлашни етти кун муддатга тўхтатиш бўйича қарор қабул қилган. Бу вақт давомида COVID-19 га қарши эмлаган шу ёшдаги 46 нафар бола кузатувда бўлади. Катталар ва ўсмирларни эмлаш ишлари одатдаги тартибда давом этади. Вакцинация жараёнлари қайта тикланишини кутмасдан фарзандини барибир эмлашни истаганлар рўйхатга олдиндан ёзилиб қўйишлари мумкин”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 16 декабрь куни Бразилиянинг Миллий санитария назорати агентлиги Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинани 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларда ҳам қўллашни маъқуллаган. Дори воситасининг болалар учун мўлжалланган “Comirnaty” партияси 13 январь куни етказиб берилган, шу билан бирга, 12 ёшдан катталар Pfizer’нинг оддий вакцинаси билан эмланмоқда. Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни эмлашдан олдин жамоатчилик муҳокамасини ўтказган ва 5 январдан бошлаб 12 ёшгача бўлган болаларни миллий иммунизация режасига киритиш бўйича қарорини эълон қилган.

Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирилиги тавсиясига кўра, вакцинанинг биринчи ва иккинчи дозаси орасидаги муддат ишлаб чиқарувчи айтганидек уч ҳафта эмас, балки саккиз ҳафта бўлиши керак. Бу миокардит каби салбий оқибатлар юзага келиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 28 сентябридан Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, мамлакатда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made