Бразилияда навбатдаги соғлиқни сақлаш вазири Президент қайсарлигига чидаёлмади ва истеъфога чиқди
Олам
−
16 Май 2020
7455Лавозимни бир ойдан кам вақт давомида эгаллаб келган Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Нелсон Тейш кеча, 15 май куни истеъфога чиқди. Бу ҳақда Бразилия оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Яқинда Тейш ва Бразилия Президенти Жаир Болсонару ўртасида карантин чоралари ва безгакка қарши хлорохин препаратини COVID-19 га қарши даволашда қўллаш борасида келишмовчилик юзага келди. Болсонару бир қатор тиббий тадқиқотлар ушбу дорининг самарасизлигини кўрсатганига қарамай, хлорохинни қўллашни қўллаб-қувватлади.
Бундан аввал, коронавирус хавфига ишонмайдиган Бразилиянинг инжиқ Президенти аввалги соғлиқни сақлаш вазири Энрике Мандетта билан коронавирус борасида тортишиб қолган эди. Шундан сўнг Болсанару жорий йилнинг 16 апрель куни Энрике Мандеттани ишдан бўшатган эди.
Маълум қилинишича, апрель ойида Бразилия Президенти Жаир Болсонару одамларга мурожаатида коронавирус билан боғлиқ чекловларни очиқ танқид қилиб чиққан. Ҳозиргача у хавфсизлик чораларини эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда. Хусусан, у бир неча бор мамлакат пойтахти атрофида ниқобсиз юриб, одамлар билан қучоқлашиб суратга тушган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирус билан боғлиқ 220 291 та ҳолат қайд этилган. Касалланганларнинг 84 970 нафари соғайган, 14 962 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 120 359 тани ташкил қилмоқда.
LiveБарчаси