Бразилияда қирувчи самолёт ҳалокатга учради
Олам
−
23 Октябрь
2833Кеча, 22 октябрь куни Бразилия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-5M қирувчи самолёти авиабаза яқинида ўқув парвози вақтида ҳалокатга учради, Бу ҳақда “Correio Braziliense” хабар берди.
Самолёт ҳалокати Риу-Гранди-ду-Норти штатидаги Парнамирин шаҳри яқинида рўй берган, унинг ёнида Бразилия ҳарбий-ҳаво кучларининг Натал авиабазаси жойлашган.
Самолёт Парнамирин тураржойлари яқинидаги ўрмонли ҳудудга қулаган. Учувчи самолётни тураржой бинолари бўлмаган ҳудудга олиб чиқишга муваффақ бўлган. Учувчи ўзини самолётдан ташлаган, қирувчи самолёт қулаганидан кейин ёнғин бошланган. Учувчи кейинги текширувлар учун Натал авиабазаси госпиталига олиб кетилган.
“Самолётда ёнғин содир бўлган бўлса ҳам, у уйлар жойлашган ҳудудни четлаб ўтиб, яшаш жойи бўлмаган ҳудудга қулаб тушди. Учувчи ҳам омон қолди, қурбонлар бўлмади”, деган мамлакат Мудофаа вазири Хосе Мусио.
“O Globo” порталининг ёзишича, самолёт ҳалокатига двигателдаги муаммолар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, F-5M самолёти 1973 йилда сотиб олинган.
Бахтсиз ҳодисанинг қолган тафсилотлари Ҳаво ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов маркази томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция шимоли-шарқида 2 та Dassault Rafale қирувчи самолётининг тўқнашиши оқибатида икки нафар ҳарбий учувчи ҳалок бўлганди. Ҳодиса ҳарбий самолётлар Коломбе-Ле-Бель шаҳарчаси яқинидаги Восгес минтақасида ўқув миссиясини амалга ошираётганда юз берган. Икки учувчи – инструктор ва стажёр жанговар манёврни бажариш чоғида ҳалок бўлган.