Францияда 2 та қирувчи самолёт тўқнашди. Қурбонлар бор
Олам
−
15 Август
4755Франция шимоли-шарқида 2 та Dassault Rafale қирувчи самолётининг тўқнашиши оқибатида икки нафар ҳарбий учувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, “Sky News” хабар берди.
Ҳодиса ҳарбий самолётлар Коломбе-Ле-Бель шаҳарчаси яқинидаги Восгес минтақасида ўқув миссиясини амалга ошираётганда юз берди. Икки учувчи – инструктор ва стажёр жанговар манёврни бажариш чоғида ҳалок бўлган.
Иккинчи реактив самолётдаги учувчи самолётдан чиқиб кетишга муваффақ бўлган ва енгил жароҳатлар олган. Кўп ўтмай у тирик топилган, аммо авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган учувчиларни топиш учун полиция ўрмон ҳудудида бир неча соатлик қидирув ишларини олиб борган.
Мамлакат Президенти Эмманюэль Макрон ҳалок бўлганларнинг исми капитан Себастьян Мабир ва лейтенант Матис Лоренс бўлиб, улар анчадан бери Қуролли кучлар таркибида хизмат олиб бораётганини айтди.
“Мамлакат аҳолиси Сен-Дизьедаги 113-ҳаво базасида содир бўлган мудҳиш воқеа туфайли уларнинг оилалари ва ака-укаларига ҳамдардлик билдиради. Биз уларнинг қайғусига шерикмиз”, деган Макрон ўзининг Х саҳифасида.
Мудофаа вазирлиги расмийларининг маълум қилишича, ҳозирда ҳодиса сабабларини аниқлашда ҳарбий ва суд тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраб, вертолёт экипажи ҳалок бўлганди. Шунингдек, Туркияда вертолёт қулаши оқибатида икки учувчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.