Бразилия кетма-кет иккинчи бор Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди
Спорт
−
07 Август 2021
3858Бугун, 7 август куни Токио Олимпиадасининг футбол баҳслари ўз ниҳоясига етди. Финалда Бразилия ва Испания терма жамоалари ўзаро тўқнаш келишди ва якунда “пентакампеонлар” ғалаба қозонди. Экстра-таймларга қадар давом этган ўйин 2:1 ҳисобида якунланди.
Учрашувнинг 38-дақиқасида Испания дарвозаси томон пенальти белгиланди, лекин Ришарлисон дарвозани аниқ нишонга ола билмади. Биринчи бўлим якунида Бразилия ҳисобда олдинга чиқиб олди. Дани Алвешнинг узатмасидан сўнг, Матеус Кунья Унаи Симон дарвозасини ишғол этди.
Иккинчи бўлим дастлабки дақиқалариданоқ Испания босимни оширди. 61-дақиқада Микель Оярсабаль Карлос Солернинг узатмасини голга айлантириб, ўртадаги мувозанатни тиклади. Ўйин якунига қадар дарвозаларга топ киритилмади ва жамоалар қўшимча бўлимларга йўл олди.
108-дақиқада Бразилия ғалаба голини уришга муваффақ бўлди. Унинг муаллифи Малком чап қанотдан катта тезликда жарима майдончасига ёриб кирди ва дарвозабонни ожиз қолдирди — 2:1. Шу тариқа, учрашувда “топ сеҳргарлари” ғалаба қозониб, кетма-кет иккинчи бор Олимпиада олтин медалини қўлга киритди.
Учинчи ўрин Мексика футболчиларига насиб этди.
Аёллар ўртасидаги беллашувларда Канада терма жамоаси Швецияни пенальтилар сериясида мағлуб этди ва Олимпия ўйинлари олтин медалига сазовор бўлди. Учинчи ўриндан АҚШ футболчилари жой олди.