Бразилия Embraer 190 “қора қути”сини декодлашни якунлади

Олам

image

Бразилия Ҳарбий ҳаво кучлари (FAB) Қозоғистонда ҳалокатга учраган Embraer 190 самолётининг икки “қора қути”си бўйича таҳлиллар якунланганини эълон қилди. Бу ҳақда “Globo” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу материаллар Бразилиянинг уч нафар терговчиси, шунингдек, Озарбайжон ва Россия агентлари томонидан таҳлил қилинган. Мазкур маълумотлар ҳалокатни таҳлил қилиш ва тергов қилиш учун масъул бўлган Қозоғистоннинг авиация ҳалокатларини тергов қилиш бўйича ваколатли идорасига юборилган. Бу маълумотлар воқеа бўйича якуний ҳисоботда эълон қилиниши кутилмоқда.

Олдинроқ, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев “қора қути”лардаги маълумотларни ўқиб чиқиш учун тахминан икки ҳафта керак бўлишини айтган. Бу маълумотлар тергов жараёнида ҳал қилувчи роль ўйнаши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ҳалокатга учраган Embraer самолётининг “қора қути”лари таҳлил қилиш учун Бразилияга етказилгани хабар қилинган эди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бразилия Embraer 190 қора қути

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг