БП Ўзбекистонда сўз эркинлиги хавф остида эмаслигини маълум қилди
Жамият
−
23 Февраль 2023
14677Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён бир неча журналистлар ва блогерлар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинди. Булар сирасига блогер Абдуқодир Мўминов, журналист Хуришид Далиев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, "Ўзбекнефтгаз" компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовни киритиш мумкин. Шунингдек, “Kompromatuzb” Telegram канали иши бўйича кўплаб журналист ва блогерлар ҳуқуқ-тартибот идораларига сўроққа чақирилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Айни вақтда жамоатчилик орасида кўплаб баҳс-мунозаралар ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳамда сўз ва матбуот эркинлигига босим сифатида кўрилаётган “ушбу ҳолатларнинг “сўз эркинлигига таҳдид” деб талқин қилиниши ҳақиқатга мутлақо зид”. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан берилган баёнотда айтилган.
Бош прокуратурага кўра, ҳозирги кунда “Telegram” каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорлик юзасидан бир гуруҳ фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, тергов жараёнларида “ичкарида”гилар адвокат билан таъминланган ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланмоқда.
Бош прокуратура ўз баёнотида эътиборни ушбу жараён ҳақида тегишли маълумотлар тўлиқ бериб борилаётганига қарамай, айрим шахслар томонидан жараённи ҳуқуқий макон доирасидан чиқариб, ўз субъектив талқини орқали оммани чалғитувчи ахборотлар тарқатишга уринишлар бўлаётганига қаратган
Бош прокуратуранинг алоҳида урғулашича, ушбу ҳолатларнинг “сўз эркинлигига таҳдид” деб талқин қилиниши ҳақиқатга мутлақо зид.
“Конституцияда белгилаб қўйилган сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилишига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Прокуратура органлари фуқароларнинг ушбу ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни амалга оширишда давом этади”, дея ишонтирилган баёнотда.
Қатъий таъкидланишича, “сўз эркинлиги” каби муҳим қадриятнинг ўз шахсий манфаатлари йўлида қуролга айлантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бунга йўл қўйилмайди. Сўз эркинлиги бошқа шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.
“Мазкур жараёнда, айрим шахслар сўз эркинлигини ниқоб қилиб олган ҳолда товламачилик билан шуғулланиши жамиятда фуқаролик жамияти институтларига ишончнинг сўнишига, журналистика ва блогерлар ҳамжамиятининг обрўсизланишига олиб келиши мумкин”, дейди БП.
Баёнотда, шунингдек, ҳар қандай соҳада бўлгани каби ахборот соҳасидаги қонунбузилишлар учун ҳам жавобгарлик муқаррарлиги таъминланиши муҳимлиги, журналистлик ёки блогерлик фаолиятини юритиш қонунларни четлаб ўтишга ҳеч қачон асос бўла олмаслиги эслатилган.
“Юқоридаги ҳуқуқбузарликлар бўйича вазиятдан кўриниб турибдики, ахборот майдонида туҳмат, ҳақорат, ёлғон ахборотни тарқатиш каби жиноятларга қарши кураш бугун пайдо бўлиб қолмаган, балки сўз эркинлигини таъминлаш билан баробар равишда мунтазам кечаётган жараёндир. Чунки ахборот соҳасидаги трансформация ўз навбатида бу йўналишда ҳам қонунийликни таъминлашни тақозо қилади.
Юқоридагиларга кўра, прокуратура органлари барча жиноят ишларида бўлгани каби ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятлар бўйича ишда ҳам қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаш, ишнинг тўғри ва адолатли ҳал этилиши учун барча назорат функцияларини амалга оширади. Ҳар бир гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига айбловдан ҳимояланиш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усуллардан фойдаланиш имконияти берилади.
“Telegram” каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятлар бўйича иш моҳиятини бузиб кўрсатиш, ёлғон ахборот тарқатишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди. Одил судловни амалга оширишда тўсқинлик қилиш, суд ва тергов жараёнига аралашишга бўлган уринишларга қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади”, дейилади баёнотда.
Хулосада Бош прокуратура оммавий ахборот воситалари, шу жумладан блогерлар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь