Бозоров артистларга фонограммада куйлашни тақиқламоқчи. Назарбеков бунга қарши чиқди

Маданият-санъат

image

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоят байрам тадбирларида қўшиқларни фонограмма орқали ижро этишни тақиқлаш ҳақида айтган гапларига Маданият вазирлиги муносабат билдирди ва ушбу ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги эслатди.  

Гап шундаки, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказган. Ана шу учрашув вақтида ҳоким ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ташаббус ва вазифаларни илгари сурган. Жумладан вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши, ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлаши, ҳоким ўринбосари раҳбарлигида тадбирларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, саҳнага чиқадиган қўшиқчилар ва қўшиқлар очиқ танлов асосида танлаб олиниши борасида кўрсатмалар берган. 

Фарғона вилояти ҳокимлигининг расмий сайтида берилган хабарга кўра, ҳокимнинг ташаббуси тадбирда йиғилган санъат аҳли томонидан қарсаклар билан кутиб олинган. 

Аммо орадан олти кун ўтиб, 19 сентябрь куни Маданият вазирлиги ушбу хабарларга расмий муносабат билдирди. Муносабатда ҳокимнинг ташаббуси қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги қайд этилган. Вазирлик рағбатлантириш ҳисобига жонли-ижрони оммалаштириш истагида.

“Байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш борасидаги ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайди.

Маданият вазирлиги доимо жонли ижро тарафдори бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Лекин биз фонограммани тақиқлаш эвазига эмас, балки жонли ижрони рағбатлантириш, санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига уни янада кенг оммалаштириш истагидамиз. Зеро, Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 26 майдаги фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунгача кўплаб санъаткорлар ушбу имтиёздан фойдаланди ва фойдаланмоқда. Қолаверса, мазкур рағбат бошқа қўшиқчиларнинг ҳам жонли ижрога бўлган хоҳиш-истагини кучайтирмоқда.

Фонограммадан эса, масалан, телевидение учун тасвирга олинадиган лойиҳалар, концерт дастурлари, байрам тадбирларида сифатни таъминлаш мақсадида режиссёр талаби билан айрим ўринларда фойдаланилади. Бундай ёндашув ривожланган давлатларда ҳам мавжуд.

Шу жиҳатдан Фарғона вилояти ҳокимлигидан ҳудудда бўладиган байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш эмас, балки жонли ижрочиларни рағбатлантириш, уларга янада кенгроқ имконият бериш позициясидан келиб чиқиб ёндашишни сўраб қоламиз.

Ўз навбатида, Маданият вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини, шунингдек, вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган давлат дастурларида соҳа ривожи учун билдириладиган таклифлар кўриб чиқилиб, инобатга олинишини маълум қиламиз”, дейилади вазирлик муносабатида


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

250

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг