Бождан кредитларни тўлашгача... Электромобиллар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун имтиёзлар берилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев электромобил тармоғини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишган эди. Унда берилган топшириқлар асосида, мамлакатда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қувватлаш станцияларини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланди.

Бугун, 24 ноябрь куни Президент ҳузурида ўтказилган навбатдаги йиғилишда ушбу таклифлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мутасаддилар тармоқда ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. Жумладан, республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Давлат раҳбари аввалги тақдимотда аҳоли ўртасида электромобиллар оммалашиши учун унинг харидини рағбатлантириш зарурлигини айтган эди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда.  2023-2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади. 

Маълумки, электромобил ишлаб чиқариш учун керакли хомашёлардан бири мис. Мамлакатда мис кластерлари ташкил этилмоқда. Бундан фойдаланиб, ушбу кластерларда электромобиллар ва қувватлаш станциялари учун бутловчи қисмлар тайёрланади.

Кадрлар масаласини ҳал қилиш учун Турин политехника университети ҳузурида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни ривожланган давлатларга малака оширишга юбориш режалаштирилган.

Йиғилишда мутасаддилар ушбу чора-тадбирлар натижасида республикада йилига 15-25 мингта электромобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини қайд этди.

Давлат раҳбари бу йўналиш автомобилсозликда рақобат яратиши кераклигини таъкидлади. Берилаётган имкониятларни соҳага қизиқиш билдирган ишбилармонлар билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр ва таклифлари асосида имтиёзларни янада кенгайтириш, тармоққа тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

электромобил

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг