Бойсундаги кондан нефть сизиб чиқди (видео)

3-саҳифа

image

2025 йил декабрь ойининг сўнгги кунларида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “М-25” кони ҳудудида таркибида нефть сақловчи суюқликнинг (нефть суюқлиги) ер юзасига чиқиши ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. 

Вазирликка кўра, мазкур нефть суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудуд атрофида ҳамда сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилган.

“Йиғиб олинган нефть суюқлиги узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳажми 5 000 куб метр бўлган, махсус изоляцияланган 2 та шлам ҳовузи мавжуд бўлиб, у нефть суюқлигини хавфсиз сақлаш ҳамда кейинчалик ундан самарали фойдаланиш имконини беради. Барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда”, дейилади хабарда. 

Қўшимча қилинишича, айни дамда нефть суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда.

Ҳозирги кунда ҳолат доимий мониторингда бўлиб, нефть суюқлиги жиловланган. Дастлабки кунларда чиқиб каналга оққан нефть суюқликларини тозалаш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “М-25” кони ҳудудидан бир неча маротаба газ сизиб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгги марта 2025 йилнинг ноябрь ойи охирида кондан газ сизиб чиққани акс этган видеолар тарқалганди. Энергетика вазирлиги видеоларда акс этган ҳолат “М-25” конининг 202-сон қудуғида бир ҳафта олдин кузатилган геологик жараён, яъни аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниши ҳолати эканлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

нефть Бойсун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг