Ботаника боғи Тошкент ҳокимлигига бериляпти
Жамият
−
07 Октябрь 2023
4931Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори жойлаштирилди. Ушбу расмий ҳужжат билан Тошкент шаҳридаги Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш белгиланган.
Бу эса, ўз навбатида, жамоатчилик ва Экопартия норозилигига сабаб бўлди. Жумладан, Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида ҳукуматнинг ушбу қарорига муносабат билдирди.
“Афсуски ўтмишда Ботаника боғи ҳудудига Тошкентнинг кўплаб собиқ ҳокимлари ҳам кўз олайтиришган.
Агар боғ ҳокимиятга ўтса, у олимлар қарамоғидаги табиат дунёси объектидан, бизнес объектига айланади. Ва дарахтзор ўрни қурилиш майдонига айланади. Чунки ҳоким ва унинг жамоасида бундан ортиқ иш қилишга салоҳиятнинг ўзи йўқ. Мақсад: “соққа” қилиш.
Бироқ умид қиламанки, жамоатчилик бунга жим қараб турмайди!” деб ёзган у.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдириб, юқоридаги қарор лойиҳасида истироҳат боғлари ҳудудларини савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, аттракционлар ўрнатиш кўзда тутилаётгани, ушбу фаолият эса, илмий муассаса сифатида ташкил этилган Тошкент Ботаника боғида сақланаётган, дунёнинг 5 қитъасидан келтирилган, ноёб бўлган флора объектларига жиддий салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги Академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи 1950 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда боғдаги ўсимликларнинг турлари генофонди, сонининг хилма-хиллиги, коллекцион турлар генофонди бўйича Марказий Осиёдаги йирик ягона бўлган ноёб илмий-уникал объект ҳисобланади.
Ботаника боғи 2-3 йилда яна 200 дан ортиқ янги манзарали турлар билан бойитилган. Айни пайтда мазкур боғда 2450 дан ортиқ гулли-манзарали дарахт ва буталар ҳамда доривор ўсимлик турлари мавжуд.
Айни пайтда Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси номидан Ҳукуматга депутатлик сўрови юборилган.
LiveБарчаси