“Босқинчиларга бош эгиш, уларни тўхтатмайди” - Елена Зеленская
Интервью
−
19 Июль 2022
19839Украина Биринчи хоними Елена Зеленская Италиянинг “Corriere della Sera” нашрига интервью берди. У Россиянинг Украинага ҳарбий босқини, давом этаётган мислсиз уруш вақтида ижтимоий тармоқлардаги холис ахборотларнинг “фейк” маълумотларга қарши роли ҳақида гапирган.
“Биласизми, мен нимани ҳазм қилолмайман? Иккинчи жаҳон уруши вақтида маълумотлар билан танишиш имконсиз бўлган. Фашистик мамлакатлар аҳолиси, уларнинг мамлакатлари содир этган жиноятлардан бехабар бўлганликларини важ сифатида келтириб, ўзларини оқлашлари мумкин. Ҳозир эса Буча ва Мариуполда содир бўлган воқеалардан хабардор бўлиш инсонларнинг ўзига боғлиқ. XXI асрга келиб ҳар бир инсон зиммасидаги масъулият янада ортди, лекин буни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ”, деган Украина биринчи хоними.
У сўзида давом этаркан, европаликларнинг “Украинага қурол етказиб бериши урушни янада авж олишига олиб келади”, деган фикрига муносабат билдирган.
“Қуролли қотил сиз томон югурганда “пацифист” (уруш ва қон тўкилишига қарши – таҳр.) бўлиш - ҳаётингиздаги охирги қарор. Тасаввур қилинг-а, рус босқинчилари сизнинг мамлакатингизга, сеҳрли Милан ёки Неаполга бостириб киришди. Улар Римнинг атрофини эгаллаб, шаҳар атрофидаги аҳолини ўлдиришди. Уларнинг ракеталари ҳар куни Болоньядаги уйларга учади. Кейин эса у ердан жонсиз болаларни олиб кетишади. Ва бу вақтда кимдир “Қуролларингизни қўйинг, қаршилик қилманг!”, деб айтадими?”, Владимир Зеленскийнинг рафиқаси.
У уруш даврида Украинани айблаётганларга шундай маслаҳат берган:
“Ота-онангизни бомба билан ўлдирган ёки болаларингизнинг мактабига бомба ташлаган одам билан гаплашиб кўринг”.
Давлат раҳбарининг рафиқаси, шунингдек, украиналиклар нафақат ўз мамлакати ва халқини, балки Европани ҳимоя қилаётганини урғулаган.
“Сиз муҳим нарсани тушунишингиз керак: босқинчи, зўравонларга таслим бўлсангиз, у ҳеч қачон тўхтамайди. У янада баттар қилади. Улар сизгача етиб бормаслигига ким кафолат беради? Мен буни хоҳламасдим. Босқинни ҳозироқ тўхтатинг. Украиналиклар нафақат ўзларини, балки Европани муҳофаза қилишмоқда”, дейди биринчи хоним.
Маълумот ўрнида, “Corriere della Sera” Италияда 1876 йилдан буён чоп этиладиган кунлик нашр бўлиб, мамлакатдаги энг кўп тиражли газета ҳисобланади.
LiveБарчаси