Бошқарувда ким бўлишидан қатъи назар Афғонистоннинг ёнида турамиз — Эрдўған
Олам
−
19 Август 2021
7808Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дўст афғон халқини ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай раҳбарликда қўллаб-қувватлашдан тўхтамаслигини билдирди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги Эрдўғаннинг баёнотидан иқтибос келтириб хабар берди.
Ражаб Эрдўған “Толибон” ҳаракати вакиллари билан Туркия фуқароларининг фаровонлиги ва афғон халқи учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди.
“Афғон ҳалқининг Мустақиллик учун курашимизда кўрсатган моддий ва маънавий ёрдамини унутишимиз мумкин эмас. Мамлакатларимиз ўртасида 1921 йил 1 мартда иттифоқчилик шартномаси имзоланган. Бошқарувда ким бўлишидан қатъий назар Афғонистоннинг оғир кунида ёнида туриш вазифамиздир. Ваколатли идораларимиз “Толибон” билан мулоқотда бўлиб турибди. Биз мамлакатнинг келажаги борасида суҳбатлашиш учун “Толибон” етакчилари билан учрашишимиз мумкинлигини айтгандик. Бу таклиф ҳамон ўз кучида”, дейди Эрдўған.
Эрдўған “Толибон” ҳаракатининг мўътадил ва мантиқли баёнотларини мамнуният билан қарши олганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Эрдўған ҳафта охиригача Россия Президенти Владимир Путин ва Германия канслери Ангела Маркель билан Афғонистондаги вазият юзасидан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Сиёсатчининг таъкидлашича, Туркия ҳукумати Афғонистондан 552 нафар фуқаросини эвакуация қилган.
Жорий йилнинг июль ойида Эрдўған, агар АҚШ Туркияни қўллаб-қувватласа, улар Қобул аэропортини бошқариши мумкинлигини айтганди. Бундан ташқари, у Афғонистон ва минтақага “янги давр келяпти” деганди.
Маълумот ўрнида, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди.
Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганидан сўнг, у Тожикистон, Омон ва Ўзбекистонда экани айтилди. Бироқ, якунда уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Кеча, 18 август куни эса, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ашраф Ғани ва унинг оила аъзоларига бошпана бергани маълум қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь