Бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар қонун билан жазоланадими?
Жамият
−
15 Январь 2021
14409Бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликларга мамлакат қонунчилигида ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Муродбеков матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ўзбекистон фуқаролари орасида чет элга доимий ва вақтинча яшашга кетганлар кўп. Уларнинг орасида бошқа давлат фуқаролигини қабул қилганлар ҳам бор. Россия, Қозоғистон, Исроил ва Германияда бундай уқароларимиз жуда кўп”, дейди бошқарма бошлиғи.
Унга кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ фақат Ўзбекистон фуқаролиги тан олинади. Хорижга чиқиб кетган ўзбекистонлик фуқароликдан воз кечмаган ҳолда чет эл паспорти билан кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.
Агарда унинг Ўзбекистон фуқаролиги паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати тугаган бўлса, унга янги Ўзбекистон фуқаролиги паспортини, ҳозирги кунда ID-карта расмийлаштириб берилади.
“Хоҳишига кўра, хорижга чиқиш паспорти ҳам расмийлаштириб берилади. Бу ерда ҳеч қандай қонунбузарлик ёки салбий ҳолат йўқ. Фақат Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган бўлса, мамлакат фуқароси сифатида тан оламиз. Тегишли тартибда фуқароликдан чиққан бўлса, уни вақтинча рўйхатга олиб, келгусида доимий яшаш учун рухсатнома ҳам беришимиз мумкин. Бу бўйича чегараларда ва бошқа хизматларда муаммолар бўлмайди”, дейди Дилшод Муродбеков.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартибида ўзгариш бўлиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатда 15 йил давомида узлуксиз яшаган шахсларга автоматик равишда фуқаролик бериш тартибини жорий қилиш таклифини берганди.
LiveБарчаси