Бош вазирликка номзоднинг қандай ўтмиши бор?
Олам
−
16 Январь 2020
10262Хабарингиз бор, кеча, 15 январь куни Россия Федерацияси Ҳукумати ва Бош вазир Дмитрий Медведев истеъфога чиқди. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Давлат Думасига янги Бош вазир сифатида Михаил Мишустин номзодини киритди. Хўш, Мишустин ким? Унинг қандай ўтмиши бор? Путин нега уни танлади?
Михаил Владимирович Мишустин 1966 йил 3 мартда Москвада туғилган. Маълумоти – олий. 1989 йилда Москва Давлат Технологик университетини (СТАНКИН) “инженер-системотехник” йўналиши бўйича якунлаган. Аспирантурани ҳам шу университетда тугатган.
2003 йилда Плеханов номли Россия иқтисодий академиясини тугатган ва “Россияда давлат солиқ маъмурияти” мавзусида диссертация ёқлаган.
2010 йилда Россия Халқ хўжалиги академиясида Иқтисодиёт фанлари доктори унвонини олган.
1992 йилдан бошлаб Мишустин "Халқаро компьютер клуби" номли ташкилотда ишлаган. Бу нотижорат ташкилот бўлиб унинг мақсади хориждан “энг илғор замонавий ахборот технологияларини жалб қилиш” бўлган. 1996 -1998 йилларда ушбу ташкилот бошқарув раиси бўлган.
1998 йилдан бошлаб Давлат Солиқ инспекциясининг раҳбари Борис Фёдоровнинг ёрдамчиси бўлган. Солиқ тўловларини назорат қилувчи ахборот тизимлари учун жавоб берган. Шу йилнинг августида Солиқ инспекциясининг раҳбари ўринбосари бўлган.
1999 – 2004 йилларда Солиқ қўмитаси номи ўзгариши муносабати билан Солиқ вазирлари Георгий Босс, Александр Починок ва Геннадий Букаевларнинг ўринбосари бўлган.
2004 – 2006 йилларда Роснедвижимость (Федерал кадастр агентлиги) раҳбари лавозимида ишлаган.
2006 – 2008 йилларда Махсус иқтисодий ҳудудларни бошқарувчи агентлик “РосОЭЗ”га раҳбарлик қилган.
2008 – 2010 йилларда UFG Capital Partners номли хусусий инвестицион компания президенти бўлган. Ушбу лавозимда Мишустин турли венчур ва кўчмас мулк фондларини ишга тушуриш, ҳудудларда бизнесни ривожлантириш билан шуғулланган.
2008 -2010 Бир вақтнинг ўзида Мишустин “Олий иқтисодиёт мактаби” Давлат унивеститетининг илмий раҳбари бўлган.
2010 йилнинг апрел ойидан бошлаб яна давлат хизматига қайтган. Мишустин Федерал Солиқ хизмати раҳбари лавозимига тайинланган.
У I даражали Россия давлат маслаҳатчиси. “Ҳурмат”, “Ватан учун хизматлари” орденлари билан мукофотланган.
“Россия давлат солиқчилигининг ахборот-технологик асослари” номли китоб муаллифи.
ЦСКА хоккей клуби кузатувчи аъзоси, Россия Хоккей Федерацияси бошқармаси аъзоси, Россия халқ хўжалиги академияси илмий кенгаши аъзоси.
2018 йилда расман эълон қилган даромадлари 18,9 млн рублни ташкил қилди, турмуш ўртоғининг даромади – 47 млн рубл.
Уйланган, 3 нафар ўғли бор. Хоккей ўйнаш ва пианино чалишни яхши кўради.