Бош вазирлар иш бошида. Қозоғистонда тошқиндан жабрланганларга уй қуриш бошланди
Олам
−
10 Май 2020
11319Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин Туркистон вилоятининг Мақтаарал тумани Мирзакент посёлкасида учрашди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири сайтида хабар берилди.
Ҳукуматлар раҳбарлари Мақтаарал туманиниг сув тошқинидан зарар кўрган Нурлижол, Оргебас, Фирдовси қишлоқларида бўлишди ва тошқин оқибатларини бартараф қилиш ишлари билан танишишди.
Ҳозирда ҳудудда олиб борилаётган тозалаш ишларига 1300 дан ортиқ одам ва 220 та техника жалб қилинган. Жумладан Ўзбекистондан 200 нафар мутахассис ва 100 га яқин ўт ўчириш машинаси, экскаватор, трактор, сув ҳайдаш насоси ва бошқа техникалар юборилган.
Мақтаарал тумани Мирзакент посёлкасида Бош вазирлар микрорайон қурилиши режаси билан танишиб, маҳаллий фуқаролар билан учрашган ва биринчи уйлар қурилиши учун пойдевор қўйишда қатнашган.
Мирзакентда Ўзбекистон ва Қозоғистон мутахассислари ҳамкорлигида Женис, Жанатурмис, ва Достик аҳоли яшаш пунктларидаги 500 оила учун уй, мактаб, болалар боғчаси ва фельдшерлик пункти қуриш режалаштирилган.
Мамин ва Арипов Фирдовси қишлоғида тошқиндан зарар кўрган уйларни тиклаш ишлари билан танишиб, маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида тошқин юз берди. Офат қўшни Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги қишлоқларга ҳам зарар берди. Қозоғистон ҳукумати тошқиндан жабрланганларга 100 минг тенгеден ёрдам ажратишини маълум қилди.
LiveБарчаси