Қозоғистонда сув тошқинидан жабрланганларга 1000 дан ошиқ уй қуриб берилади

Олам

image

Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида юз берган сув тошқини Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманига ҳам зарар етказди. Қозоғистон ҳукумати сув тошқинидан жабрланган ҳар бир фуқарога 100 минг тенгедан компенсация тўлашга қарор қилди.

Кеча, 6 май куни Мақтаарал туманига Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошлиқ Ҳукумат комиссияси келган.

Комиссия аъзолари Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев ва ўзбекистонлик ҳамкасблар ҳам ҳамроҳлигида сув тошқини юз берган ҳудудларни ҳаводан кўздан кечирган. Шундан сўнг давлат комиссияси сув остида қолган Оргебас ва Фердовси қишлоқларига борган.

Бир вақтнинг ўзида Мақтаарал туманига Ўзбекистондан 100 дан ортиқ махсус техника (занжирли ва ғилдиракли тракторлар, мотопомпа билан жиҳозланган ўт ўчириш машиналари) ва 200 дан ортиқ гидротехника мутахассислари етиб келган.

Тошқин юз берган жойлар кўздан кечирилгач, Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеевнинг таклифи билан Ҳукумат комиссияси офатдан зарар кўрган ҳар бир фуқарога 100 минг тенге тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

“Мирзакент яқинида янги микрорайон қурилади. У ерга Дўстиқ, Жанатурмис ва Женис қишлоқлари аҳолиси жойлаштирилади. Микрорайон барча коммуникация воситаларига уланади, болалар боғчаси ва мактаб қурилади”, дейилади Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати хабарида.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат тошқиндан зарар кўрганлар учун 1000 дан ошиқ уй қуришни бошлаганини маълум қилди.

"Ҳукумат Ўзбекистондаги сув омборида рўй берган авариядан кейин сув тошқини натижасида бошпанасидан айрилиб қолган фуқаролар учун Туркистон вилоятида мингдан зиёд уй қуришга киришди", деб ёзди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Тўқаев.

Оргебас ва Фердовси қишлоқлари аҳолисига эса турар жой масаласининг уч ечими таклиф қилинди:

•    янги уйлар қурилган бошқа аҳоли пунктларига кўчиш;
•    уйларни қайта тиклаш;
•    турар жойлар қурилиши ва тикланиши учун харажатларни қоплаб бериш.

Қишлоқ хўжалиги ва чорва моллари бўйича етказилган зарар ҳукумат захираларидан қоплаб берилади, фермерларга кредитлар бўйича тўловларда танаффус тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев Сирдарё вилоятида бўлиб, сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар билан танишиб юртига қайтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

217

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг