Бош вазирга видеомурожаат йўллаган оқсоқол дўппосланди
Жамият
−
23 Январь 2020
35718Ижтимоий тармоқларда фуқаро Ўктам Ҳамроевнинг бир нечта фуқаролар томонидан калтаклангани ва ҳақорат қилингани видеоси тарқалмоқда. Видеода аёллар уни ўзига тегишли бўлган давлат белгиси 30T 577 FA рақамли Spark русумли машинаси олдида калтаклаган. Жараён эса юзи кўринмаган “Ботир” исмли шахс томонидан тасвирга олинган. Тасвирни суратга олаётган шахс оқсақолни тинимсиз ҳақорат қилиб, аёлларни уни дўппослашга чақиради.
Маълум бўлишича, бир муддат аввал Ўктам Ҳамроев ўз мобил қурилмаси орқали Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга видеомурожаат йўллаган. У ўз мурожаатида Самарқанд вилояти Каттарқўрғон шаҳрини кесиб ўтувчи Нарпай канали бўйидаги бир уюм ахлатлар муаммосини кўтариб чиққан.
“Каттақўрғон шаҳрини кесиб ўтувчи Нарпай каналининг аҳволини қаранг. Бир “вагон” катта кўприкнинг остида ахлат турибди. Ҳайвонларнинг ўлигигача бор. Ўзбекистон равнақи байроқ остидаги ахлатни қаранг. Бу бир кунлик ахлат эмас. Йиллар давомида йиғилган”, дейди мурожаатчи.
У шунингдек, бу муаммога бефарқ қараб келаётган Каттақўрғон шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов, мазкур сектор раҳбари – прокурор Шермат Жумаевни танқид қилган.
“Каттақўрғон шаҳар ҳокимимиз ва уни қўллаб-қувватловчи раҳбарлар бор. Унга ҳеч ким гапиролмайди. Қачонки, биз кабилар мурожаат қилса, жиноятчига айлантиради. Ана шу ҳудуднинг раҳбари прокурор Шермат Жумаев бўлади. Мана, катта магистрал йўл ўтган кўприк остидаги ҳолат”, дея ҳудуд раҳбарларига ўз эътирозларини билдирган оқсоқол.
Ҳозирча воқеа айнан қаерда бўлгани ва нима сабабдан Ўктам Ҳамроев калтаклангани ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд эмас. Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли идоралардан мазкур ҳолат ва видеомурожаат бўйича расмий изоҳ кутамиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь