Бош прокурор Ўзбекистон халқига мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон халқига мурожаат билан чиқди. 

Унга кўра, бугунги кунда Президент раҳбарлигида мамлакатдаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. 

Ислоҳотларнинг натижадорлигини, одамларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасида катта масъулият бор. Ўтган даврда барча давлат ва нодавлат идоралари ва халқ билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар қилинган.

“Энг муҳими, бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликнинг умуммиллий иши ва муҳим вазифасига айланди. Ўз навбатида, олдимизда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам кўп эканини барчамиз яхши тушунамиз”, дейди Бош прокурор.

Унинг билдиришича, коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисида Президент ҳам келгусидаги долзарб ва муҳим вазифаларни белгилаб берган. Шу нуқтаи назардан, тегишли идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган.

Биринчидан, жиноятларнинг олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилган.

“Энди барча куч ва воситаларни, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қиламиз”, дейилади хабарда. 

Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик янада кучайтирилади, барча саъй-ҳаракатлар самарали мувофиқлаштириб борилади.

Ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътибор кучайтирилади, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қилинади. 

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

“Жиноятга жазо муқаррар”лигини таъминлаш, жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари янада кучайтирилади.

Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган алоҳида қарорлар асосида содир этилган жиноятларни ҳар куни тезкор таҳлил қилиб, манзилли тадбирларни белгилаш, кунлик сўров ва назорат тизими йўлга қўйилади.

Иккинчидан, тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.

Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади.

Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

“Бу фаолиятга илм-фан ютуқлари ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этамиз, соҳани рақамлаштириш чораларини изчил кўриб борамиз. Энг асосийси, одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чораларини кўрамиз” дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Шунингдек, айбланувчиларга эҳтиёт чорасини қўллашда адолатни таъминлаш, ҳимоя ҳуқуқини мустаҳкамлаш, адвокатлар фаолиятига тўсқинликларни бартараф этиш прокурорларнинг алоҳида эътиборида бўлади.

Учинчидан, бундан буён прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситаларимиз коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади.

Бу борада барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқилади, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борилади.

Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чоралари кўрилади.

Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача борилади, ҳар бир соҳага чуқур кирилади.

Ижтимоий сўровномалар, мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиб, халқнинг эътирозлари, фикр ва таклифлари доимий ўрганилади.

“Шу орқали, соҳа ва ҳудудлардаги “коррупциявий туйнук”ларни аниқлаб, уларни таг-томири билан йўқ қилиш бўйича манзилли чоралар кўрамиз. Бу борада тегишли вазирлик ва идоралар билан коррупциявий омилларни биргаликда бартараф қилиш бўйича йўл хариталари ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда, уларнинг ижроси ҳам назоратга олинади”, дейилади мурожаатда.

Бюджет маблағлари, жумладан субсидия ва бошқа кўринишдаги давлат кўмагининг сарфланиши, давлат харидлари, хизмат кўрсатиш жараёнлари, умуман, аҳоли кўп дуч келадиган соҳаларда турли суиистеъмолчилик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш диққат марказида бўлади.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, барча соҳаларни рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш чораларига алоҳида масъулият билан ёндашилади.

Коррупцияни фош этишга доир ҳамкорликдаги тадбирларни ҳам янада жадаллаштирамиз, умуман, аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятлар ишга солинади.

Бунинг учун, коррупциявий ҳолатлар ҳақида Бош прокуратурага тезкор хабар бериш имкониятини берувчи, тун-у кун ишлайдиган “Ишонч телефони” ва Telegram-бот ишга туширилган. Махсус операторлар гуруҳи фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

“Албатта, бу вазифаларни билимли, ташаббускор, садоқатли  ва бугунги ислоҳотлар натижаларига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ходимлар корпуси билангина самарали амалга ошириш мумкин. Шу боис, ходимларимизнинг билими, дунёқараши, онгу тафаккурини ривожлантириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш чораларини изчил давом эттирамиз”, дейди Бош прокурор.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, прокуратура ходимлари, энг аввало халқнинг хайрихоҳлиги, ҳамжиҳатлиги ва кўмагига таянади.

“Агарда ҳар бир фуқаро жонажон ватанимизни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз. Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳам доимо ёдда тутишимиз зарур. Азиз юртдошлар, келинг, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик”, дея мурожаатини якунлайди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев.


Мақола муаллифи

Теглар

мурожаат Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг