Бош прокурор Ортиқхўжаев масаласига қайтди
Жамият
−
18 Декабрь 2019
27249Бугун "Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётининг кафолати" мавзусида ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ мухбири Баҳодир Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга юзланиб, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жорий йилнинг нобярь ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган журналистларга таҳдид кўринишидаги аудиоёзувига нисбатан Бош прокуратуранинг эълон қилган баёнотига тўхталди ва мавзу юзасидан унинг муносабатини сўради. Бош прокурор ушбу саволга жавоб қайтараркан, мазкур масала бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилганини қайд этади.
“Ҳаммага очиқ-ойдин айтамизки, ёзма тарздаги шикоятми, аризами, бизга тушаётган хабар бўладими, ижтимоий тармоқдаги хабарми буларнинг барчасига прокуратура ўз муносабатини билдириб келади. Барчасида терговга қадар текширувлар ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилинади. Ва бу қарорларни ўз веб-сайтларимизда ва саҳифаларимизда кўрсатиб борамиз.
Тошкент шаҳар хокимлигидаги ҳолат бўйича ҳам ўз муносабатимизни билдириб, зудлик билан ўз қароримиз ҳақида барчага маълум қилганмиз. Бу узр сўраш билан якунланмайди. Барча ҳаракатларимиз қонунчилик асосида олиб борилади. Кимда қўшимча саволлар бўлса саҳифаларимиздан фаолиятимиз билан танишиб бориши мумкин”, дейди Бош прокурор.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Ортиқхўжаев можароси бўйича “унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилгани, муайян шахсга қаратилмаганлиги, реал таҳдид йўқлиги боис, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас.
Шу сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди”, дея баёнот берган эди.