Бош прокуратура жиноятчиликда айбланаётган блогер иши бўйича баёнот берди
Жамият
−
11 Февраль 2021
9879Сўнгги вақтларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшаб, блогерлик билан шуғулланувчи фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур иш бўйича расмий баёнот берди.
Унга кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида суднинг ажрими билан Отабек Сатторийга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда.
Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади.
Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.
Маълумот тариқасида: Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган.
Аввалроқ, ИИВ блогерга очилган жиноят иши юзасидан мурожаат билан чиқиб, қонун устуворлиги ҳақида бонг ураётган ижтимоий тармоқ фаолларидан мамлакат қонунчилигини ҳурмат қилишга чақирганди.