Бош прокуратура шармандали ҳолатдан кейин аҳолига мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси аҳолининг эътиборини прокуратура органларидаги коррупцион ҳолатларга қаратиб, жамоатчиликка мурожаат билан чиқди. Мурожаат Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Telegram’даги саҳифасида эълон қилинди. 

“Бош прокуратура кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор прокуратура органларида коррупцияга қарши муросасиз ва кескин кураш олиб борилаётганига қаратади.

Бинобарин, Бош прокуратура мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини жамиятда, хусусан прокуратура органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақиради.

Агар прокуратура органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли “Ишонч телефони”га маълум қилишингизни сўраймиз.

Мурожаатчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши тўлиқ кафолатланади”, дейилади мурожаатда. 

Эслатиб ўтамиз, бугун Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган А.Т. 29 минг АҚШ доллари пора олганида қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. 

У Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.

Шундан сўнг, ҳозирда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва жорий йил 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. жорий йил 5 декабрь куни тахминан соат 22:00 да Миробод туманида жойлашган "Мустафо" ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилгани учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

1512

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг