Балиқ бошидан. Бош прокуратура масъул ходими пора олаётганда ушланди
3-саҳифа
−
06 Декабрь 2021
24617Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишловчи шахс пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда БП Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Аниқланишича, А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.
Шундан сўнг, ҳозирда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва жорий йил 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. жорий йил 5 декабрь куни тахминан соат 22:00 да Миробод туманида жойлашган "Мустафо" ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилгани учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумонланувчи процессуал тартибида ушланди.
LiveБарчаси