Бош прокуратура ўлган қизи учун товон ололмай ўзини ёққан аёл бўйича қўшимча маълумот берди

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 30 ноябрь куни Андижон вилоят прокуратураси биноси олдида қизининг ўлими учун Spark ололмаётган аёл киши ўзини ёқиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур хабар жамоатчилик орасида кенг муҳокамалар сабаб бўлгани, ўз жонига қасд қилган қизнинг ёши ҳамда ўзига ўт қўйган аёлнинг куйиш даражаси бўйича турли талқинлар кузатилаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Унга кўра, жорий йилнинг 24 июль куни 1999 йилда туғилган, Андижон машинасозлик институтининг 2-курс талабаси Н.Муроджон ўз мобил телефонига 2004 йилда туғилган, умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси вояга етмаган Т.Мадинабонуни суратга олган.

Ушбу фотосуратлар бошқаларга ошкор бўлишидан қўрқиб фуқаро Т.Мадинабону ўз жонига қасд қилган.

2020 йил 30 ноябрь куни соат тахминан 12:20 ларда тергов ҳаракатлари давомида гумонланувчидан Spark атомашинасини ундириб беришни талаб қилиб Андижон вилоят прокуратурасига келган, марҳуманинг онаси 1983 йилда туғилган Б.Соҳиба, прокуратура биноси олдида ўзига ўт қўйган.

Кўрсатилган тезкор ёрдам натижасида у шифохонага ётқизилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали комбустиология бўлимида фуқаро Б. Соҳибага нисбатан юритилган 19344/436-сонли тиббий баённома ва бўлим шифокорининг 30 ноябрдаги дастлабки маълумотномасига асосан Б. Соҳиба ўзини ёқиб юбориши натижасида “Алангадан I-II-IIIА даражада юзи, бўйни, кўкрак қафаси, иккала қўлларининг 15 фоизи” куйган.

Қайд этиш керакки, фуқаро Б. Соҳибанинг ўзини ёқиб тан жарохати олганлиги ҳолати бўйича 30 ноябрь куни суд тиббий экспертизаси тайинланган. 

Бироқ, бемор шу кунинг ўзидан суд тиббий экспертизасидан ўтишдан бош тортиб, ўзининг яшаш хонадонига кетиб қолган. Б.Соҳибани такроран суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун яшаш хонадонига суд тиббий экспертизаси эксперти М.Дехқонов, профилактика инспекторлари И.Қаҳҳоров, Д.Исмоилов ва икки нафар холислар билан биргаликда борилганида у экспертизадан ўтишдан такроран бош тортган.

“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қилинган ҳар бир расмий баёнот асосли ҳамда аниқ факт ва далилларга таянган ҳолда эълон қилинади”, дея таъкидлаган Бош прокуратура.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг