Бош прокуратура “75 лар хати” иши бўйича ҳукм устидан апелляция киритди
Олам
−
03 август 8031 4 дақиқа
Қирғизистон Бош прокуратураси Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди томонидан “75 лар хати” иши юзасидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти киритди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси хабар қилди.
Идора маълумотига кўра, апелляция тақдимномаси Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 397-моддасига мувофиқ давлат айбловчилари томонидан судга киритилган. Прокуратура ҳукмнинг қайси қисми ўзгартирилишини сўраётганига аниқлик киритмаган.
Мазкур иш бўйича Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, шунингдек сиёсатчилар Бекболот Талғарбеков, Али Қарашев, Эрнис Узоқбоев, Қурсан Асанов ва Қурманбек Дийканбоев жавобгар сифатида қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Бишкекнинг Биринчи май туман суди мазкур иш бўйича ҳукм чиқарган эди. Суд Қамчибек Ташиев, Қурманқул Зулушев, Нурланбек Турғунбек ўғли ҳамда мурожаатни имзолаган яна беш нафар шахсни ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга тайёргарлик кўришда айбдор деб топган.
Уларнинг ҳар бирига 4 йил озодликдан маҳрум этиш ва мол-мулкни мусодара қилиш жазоси тайинланган. Бироқ суд ушбу жазони 3 йиллик пробация назорати билан алмаштирган.
Кейинроқ эса Қамчибек Ташиевнинг адвокати ҳам “75 лар хати” иши бўйича чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти берган.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси