Бош консулхона Туркияга кетаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият
−
22 Ноябрь
6668Туркияга тамаки маҳсулотлари олиб кирадиган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда белгиланган миқдорлардан ортиқ тамаки маҳсулотларини Туркияга олиб киришга уринган фуқароларга нисбатан “контрабанда” айби қўйиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бундай ҳолатлар фуқаролар учун жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, ҳозирги кунда Туркия жазони ижро этиш муассасаларида 20 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси белгиланган миқдордан ортиқ тамаки маҳсулотларини олиб киргани сабабли қамоқда сақланмоқда.
Шу сабабли Бош консулхона Туркияга сафар қилишни режалаштираётганларга муҳим маълумотларни эслатди:
Тамаки маҳсулотлари учун чекловлар: 18 ёшдан катта йўловчилар шахсий фойдаланиш учун қуйидаги миқдорда тамаки маҳсулотларини олиб киришлари мумкин:
- 600 дона сигарета (30 пачка ёки 3 блок);
- 50 дона сигара.
Электрон сигареталар учун чекловлар: Туркия қонунчилигига кўра, ҳар бир йўловчи шахсий фойдаланиш учун қуйидаги миқдорда электрон сигареталарни олиб кириши мумкин:
- 10 дона бир марталик электрон сигарета;
- 1 дона кўп марталик электрон сигарета қурилмаси;
- 200 дона алмаштириладиган стикер ёки 30 мл суюқлик.
Тижорат мақсадларида тамаки маҳсулотларини олиб кириш ман этилади.
“Тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кирганлиги сабабли Туркия суд идоралари томонидан белгиланган жарималарни тўлангандан сўнг сизга нисбатан қўлланган жарима ечилганлигини қайта текширинг ва ишонч ҳосил қилинг. Жаримани тўлаган, аммо турк идоралари қайдларида жарима ечилмаганлиги юртдошларимизни чегарада қўлга олинишига сабаб бўлмоқда”, дейилади огоҳлантиришда.
Бош консулхона, шунингдек, сафардан олдин Туркиянинг божхона қоидалари билан танишиб чиқишни, белгиланган меъёрлардан ортиқча маҳсулотларни олиб киришга уринмасликни тавсия этди.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь